Депутат Кушербаев бугунги жонли эфирда Янгийўл шаҳрида мавжуд банкларнинг валюта айирбошлаш шохобчалари дам олиш кунлари ишламаслиги муаммосини кўтарган ҳолда, нақд валюта маблағини қора бозорда айирбошлашга мажбур бўлгани ҳақида чиқиш қилган.
Олдиндан айтиб ўтиш керак, Кушербаев юз фоиз ҳақ, истеъмолчи, мижоз сифатида ҳам, сайловчиларидан мандат олган депутат сифатида ҳам. Қани энди ҳар бир депутат шундай бўлса.
Масаланинг тартибга солиш талабларига тўхталмаган ҳолда, нега тижорат банклари шанба-якшанба кунлари, ёки масалан кечки ва тунги вақтларда айирбошлаш шохобчаларини ишлатмаслиги сабабларига тўхталмоқчи эди.
Биринчидан, дам олиш, байрам кунлари, кечки ва тунги вақтларда ходимларни камида 2 карра ҳақ тўлаб жалб қилиш керак бўлади. Бу кассирларга ҳам, назоратчи, қўриқчи ва инкассацияга ҳам таалуқли. Яъни шохобчаларнинг дам олиш, байрам кунлари ва тунги вақтларда ишлаши меҳнат сарфи ўртача 2 баробар юқори.
Иккинчидан, дам олиш, байрам кунлари ва тунги вақтларда айирбошлаш операциялари ҳажми бошқа вақтдагига нисбатан каррасига кам. Бу тажриба, амалиёт ва кузатувлар тарзида аниқланган ҳолат. Валюта операцияларига энг асосий талаб ҳосил қилувчилари — моккилар, ўрта ва майда тадбиркорлар, ёш, технологик мижозлар операцияларини ё иш кунлари ўтказишади, ёки дам олиш кунлари эса улар онлайн тарзда операция ўтказишни маъқул кўришади. Чунки улар учун шу қулай ва афзал.
Кўраяпсизки, дам олиш, байрам кунлари, кечки ва тунги вақтларда айирбошлаш шохобчаларининг харажатлари каррасига кўп, даромадлари эса каррасига кам, молиявий натижа эса доим манфий. Яъни уларнинг бу вақтда ишламаслиги асл сабаби соф тижорий нуқталарга бориб тақалади.
Ечим йўқми, дейишингиз мумкин. Йўқ, ечим бор. Бу ечим бутун дунёда амалда. Фақат биз ўта ижтимоийлашган мақсадларни ўз олдимизга қўйганимиз учун бу йўлдан юришга доим ҳадиксираймиз.
Ечим — бозор.
Одатда бутун эркин дунёда ва айниқса туристик мамлакатларда айирбошлашлаш шохобчалари дам олиш кунлари ва тунги вақтларда валютани жуда арзон сотиб олади ва жуда қиммат сотади. Шу билан ўзининг маржиналлигини таъминлайди. Шартли айтсак, иш куни долларни 10750 сўмдан сотиб олаётган банк шохобчаси дам олиш кунлари долларни 10650 сўмдан сотиб олади. Худди шундай, иш куни долларни 10800 сўмдан сотаётган банк шохобчаси дам олиш кунлари долларни 10900 сўмдан сотади. Шу билан ҳажм камлигидан ютқазадиганини курс фарқи орқали қоплайди.
Дунёнинг исталган мамлакатида тунда аэропортдан тушганингизда энг ноқулай курсларга рўпара бўласиз, меҳмонхоналарда ҳам шундай.
Нега бизда бундай қилинмайди? Сабаби оддий, ижтимоий омиллар сабаб банклар минимал маржиналликни, қисқа коридорни ушлаш йўлидан юришади. Табиийки ўзларининг қадамларига ўзлари қурбон бўлишади.
Сиз дам олиш кунлари валютангизни, масалан 100 сўм арзонроққа сотиб, валютани 100 сўм қимматроққа сотиб олишга тайёрмисиз?