Ички ишлар тизимидаги ноқонуний ҳолотлардан норози ходим Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва унинг ўринбосари номига видеомурожаат йўллади. Бу мурожаатга сабаб эса Тошкент шаҳридаги ички ишлар органлари сафига ходимларни қабул қилишда порахўрлик, таниш-билишчилик, қоғозбозликнинг кўпайиб кетганидир.
Мурожаат эгаси Тошкент шаҳри туманларидан бирида ички ишлар органларини мувофиқлаштириш бўлимида узоқ вақтлардан бери хизмат қилганини айтиб ўтган, бироқ шахси ва овози очиқланишини истамаган. Бунга эса олдинроқ шу каби ҳолатда участка нозирлари, лейтенант ва катта лейтенантлар мурожаат қилганда, уларнинг ўзларини айбдор қилиб, ишдан ҳайдашгани сабаб бўлиши мумкин.
Ички ишлар вазирлигининг ишга қабул қилиш тўғрисидаги низомига мувофиқ, аввало ариза топширувчи рўйхатга қўйилади, ундан кейин эса жисмоний тайёргарлик ва психологик тестлардан ўтилади. Дастлабки танловларда ижобий натижа кўрсатган номзодларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, соғлиги бўйича тиббий комиссиядан ўтишга йўлланма берилади. Барча босқичлардан муваффақиятли ўтган номзодлар якуний суҳбатга қўйилади. Якуний суҳбатдан яхши балл олганлар эса ишга қабул қилинади.
Аммо мурожаатчининг айтиши бўйича, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасида бу тартиб фақатгина таниш билиши бўлмаган, ўз кучи билан ишга кирмоқчи бўлган, пул бериш мақсади бўлмаган номзодларга тааллуқлидир. Таниш-билиши бўлган, пора бериб, ишга кирмоқчи бўлган номзодлар учун эса бу қоидаларнинг сариқ чақалик аҳамияти йўқ.
Жисмоний тайёргарликни текширишдан тортиб, якуний суҳбатгача, барини кадрлар бўлими ўзининг даромад манбаига айлантириб олган. Тест ёки тиббий кўрикдан ўтмаган номзод ҳам пул орқали ишга ўтиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Якуний суҳбат олиб борувчи ўқитувчилар ҳам пора олди-бердисида кадрлар бўлимига шерик, яъни суҳбатдан ўтиши лозим бўлган номзодларнинг рўйхатлари олдиндан шакллантирилиб, уларга суҳбат жараёнида катта балл қўйилади. Суҳбат жараёни видео тасвирга олинади, лекин бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Суҳбатдан сўнг бирор тасвир қайта кўриб чиқилмайди. 2019 йилдан буён суҳбат ўтказувчи ўқитувчилар таркиби ўзгармаган, ҳар бир ўқитувчи «ишни битиргач» икки минг доллардан улуш олади. Ишга киришнинг умумий миқдори эса 4-5 минг доллар.
Коррупцияга қарши курашувчи органлар қаторига Ички ишлар вазирлиги ҳам киришини билган ҳолда ИИВ вазири Пўлат Бобожоновдан ушбу мурожаатга расмий муносабат кутиб қоламиз!
Шаҳруза Сатторова