Бугун 1 декабр — Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни. Бу кун 1988 йилдан бери нишонлаб келинади. Хўш, биз ОИВ ва ОИТС ҳақида эшитганларимизнинг ҳаммаси ҳам тўғрими?
ОИВ инфекция ва ОИТС — бир хил касалликми?
ОИВ (Орттирилган иммунитет вируси) инфекцияси ва ОИТС (Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) — инсонда орттирилган иммунитет танқислигини келтириб чиқарувчи инфекция ва иммунитетнинг заифлашуви билан кечадиган юқумли касаллик жараёнидир.
Ушбу инфекцияни юқтириб олган инсон иммун тизимида CD4+T-лимфоцитлари сони камайиб кетади. Натижада, тана бошқа касалликлар билан курашмай қўяди.
Тўғри, ОИВ инфекция оғриқ ёки бошқа симптомлар келтириб чиқармаслиги мумкин. Аммо, ундан сўнг организм ҳеч қайси бир касалликни енга олмайди. Яъни, бемор ҳар қандай юқумли касалликлар учун тайёр ўлжа бўлади.
ОИТС эса, ОИВдан кейинги иккиламчи жараён бўлиб,унинг узоқ давом этиши фонида кечадиган оғир иммунитет танқислигидир.
Мазкур касалликнинг биринчи ҳолатлари 1970-йилларнинг охирида Швеция, Америка, Танзания ва Гаитида аниқланган.
«Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми» атамаси 1981 йилда шифокорлар томонидан киритилган. Икки йил ўтгач, франтсуз шифокори Люк Монтане ва унинг ҳамкасблари ОИВ инфекциясининг мавжудлигини исботлай олишди.
Букилган қизил лента — букилмас иродалар рамзи
ОИТСга қарши кураш рамзи махсус тарзда букилган қизил лента ҳисобланади. Ушбу рамзни 1991 йил апрелда америкалик рассом Френк Мур томонидан чизилган. Рассомнинг ўзи ҳам ўша вақтда касаллик билан курашарди. Охир-оқибат у 48 ёшида, 2002 йилда вафот этган.
Ҳар йили Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни турли шиорлар остида ўтказилади.
2004 йилгача БМТининг ОИВ/ОИТСга қарши қўшма дастури (UNAIDS) Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш кунининг координатори бўлган.
2004 йилдан буён ушбу куннинг мавзуси ОИТСга қарши кураш бўйича Бутунжаҳон кампаниясининг бошқарув қўмитаси томонидан фуқаролик жамияти, ташкилотлар ва ОИВ билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланадиган давлат органлари билан маслаҳатлашган ҳолда белгиланади.
Жорий йил учун танланган мавзу «Тенгсизликка, ОИТСга, пандемияларга барҳам бериш»дир. Бу каби шиорлар фақатгина бир кун амал қилмайди, балки бутун йил ёки даврлар давомида шу шиор доирасида қатор тадбирлар амалга оширилади.