Қоронғуда пайпасланиб топган пиёлангни тўнкарасанда, совуқда увишиб қолган қўлларинг билан шам ёқасан. Совуқ, бу ҳам етмагандай чироқ ҳам ўчди. Болаларинг дарс қилиши керак, бўлмаса бутун умр шу зимистонда қолиб кетади.
Ташқарида эса учинчи ренессанс.
Ҳовлига чиқиб, мевали дарахтларни бир-бир кўздан кечирасан, эҳтиёж бўлса ўтин қилиш учун. Ҳали совуқ кунлар олдинда, газ йўқ. Сотиб олай десанг,кўмир қиммат, ўтин икки карра. Мевали дарахтга ачинасан-у, ўзингни овутасан, баҳорда мева ейиш учун ҳам қишдан омон чиқмоқ керак, аввало!
Ташқарида эса учинчи ренессанс.
Бирор жойга арз қилай, муоммони ҳал қилсин, бизнинг ҳам одамга ўхшаб яшашга ҳаққимиз бор дейсан. Лекин… лекин яна мум тишлайсан…
Чунки ташқарида учинчи ренессанс.
Ана,чироқ ёнди, ўзи шундай, ҳар доим шу пайтда ёнади. Телевизорни қўшасан.Буюк келажак ҳақидаги режалар, жўшиб айтилаётган нутқлар, давомий қарсаклар. Сен эса чакки ўтиб, доғ бўлиб қолган деворга қараб, ўй сурасан. Буюк келажак нима ўзи? Ҳеҳ, келажак – баҳоргача тирик етиб олмоқ дегани!
Ташқарида эса учинчи ренессанс
Қаҳратон эшик қоқиши билан, буткул издан чиққан энергетика тизими оқибатида тағин яни бир зарба.Энергетика ресурсларига бой бўла туриб , инсоннинг иссиқлик ва ёруғликка эҳтиёжидек бирламчи манфаатлари қондирилмаган мамлакатда иқтисодий тараққиёт, буюк келажак ҳақида гапиришяпти.
Қизиқ, учинчи ренессанс деганлари шумикан?
Ресурслар учун кураш доим бўлгам.Бугун биз хомашё сифатида сотган газ, нефт, электрдан унумли фойдаланиб, баъзи давлатларнинг тобора қудрати ошиб бораяпти. Кейинчалик улар сиёсий-ҳарбий кучини бизга қандай ишлатиши ҳақида ўйлашнинг ўзи ёқ, азойи баданингни қақшатиб юборади. Қўлингдан келгани эса, совуқ уйда, шам ёруғида ўтирганча аста пичирлаш: Юртимиз тинч бўлсин!
Ташқарида эса учинчи ренессанс.
Шаҳруза Сатторова