Жорий йил 10 июн тунда Каттақўрғон туманида ИИБ ЙҲХБ ходимлари туман солиқ идораси бошлиғи ўринбосари Азизбек Аҳмедовнинг ўлимига сабаб бўлганди. Мазкур ҳодиса ОАВда тарқалгач ИИВ матбуот котиби муносабат билдириб, солиқчи ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, юқори тезликда ҳаракатланиб яширинмоқчи бўлганини, сўнг ҳайдовчи машинани ташлаб, пиёда қочишга уринганини маълум қилганди. Йўл патрул хизматчиларининг берган маълумотлари икки хил талқинда айтилган, қолаверса марҳумнинг яқинлари ҳам йўл патрул хизмати ходимларини айблашгач, экспертиза жавобларидан кейин, Прокуратура бу ишни судга оширган эди.
6 ой вақтдан кейин суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг хабар беришича айбдорларга суд ҳукми ўқилган.
Маълум қилинишича, 3 декабрь куни, жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судида судланувчилар М. Қўчқоров (1987 йилда туғилган, Каттақўрғон тумани ИИБ ЙҲХБ бошлиғи лавозимида ишлаган) ва Ш. Раҳимбердиев (1990 йилда туғилган, Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 4-отряд катта инспектори лавозимида ишлаган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етган.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, М.Қўчқоров ва Ш.Раҳимбердиев Жиноят кодексининг 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) 1-қисми ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Судланувчилар 2 йил ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, уларнинг ҳар бирига 2 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.
Яқиндагина мактаб директори 1,5 млн пора олгани учун 5 йилга қамалгани ҳақида ҳабар тарқалган эди. Бугун эса бир фуқаронинг шафқатсизларча ўлим топишига сабабчи шахслар 2 йил 10 ой муддатга қамалаяпти. «Инсон қадри учун» шиори ёзиб қўйилган хоналарда бўлаётган адолат шуми? Жабрдийдалар шикоят қилса, ҳақиқатни юзага чиқарадиган ва ҳокимият ва ҳукуматнинг ноқонуний ҳаракатларига баҳо берадиган суд тизими қаерда?