Ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси фаолиятини ташкил этиш масалаларига тўхталиб, 1 январдан барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятини бошлаган эди.
Уларнинг ойлик-маошлари
хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – 4 млн 932 минг сўм;
хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – 5 млн 343 минг сўм;
хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – 5 млн 754 минг сўм.
Ҳоким ёрдамчиларига тўланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори номзоднинг ушбу лавозимга ишга қабул қилингунга қадар аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган тақдирда етишмаган қисми Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан компенсасия қилиб борилади.
Уларнинг ишини самарали ташкил этиш мақсадида:
— бир йил давомида доимий фаолият юритадиган “Маҳаллабай ишлаш штаби” тузилади;
— ҳар бир туман ва шаҳарга вазирлик, марказий идоралар ва банклардан 1-3 нафардан масъул ходим бириктирилади. Улар 1 йилга туманга хизмат сафарига юборилади ва иш жойи, ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.
— ўзини яхши кўрсатган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари мукофотланади, йил натижалари бўйича эса “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишонига тавсия қилинади;
— уларга ипотека асосида квартира олишда 50 фоизгача субсидия ажратилади;
— Бош вазир қабулхоналари ва Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги негизида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда туман (шаҳар)ларда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларини давлат олий таълим муассасаларининг иқтисодий таълим йўналишларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсиясига кўра давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилди.