Ҳайда, ҳайда, ҳайдовчи…

Бугун энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бирига бир қур назар ташласак. Давлат раҳбарининг фармонига кўра, 2022 йил 1 мартига қадар тасдиқланган меъёрларга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан ҳудудларда камида биттадан туманлараро патрул-пост хизматларининг бўлинмаси ташкил этилиши хабар қилинган эди. Ушбу фармон ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Шу муҳокамалар орасида «Ҳар бир туманда биттадан блок-постлар ўрнатилади» мазмунидаги асоссиз ёки бузиб талқин этилган хабарлар ҳам қанот ёзди. Ваҳоланки, 2017 йилнинг декабрида Ш. Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва қонунчилик палатасига қилган мурожаатида вилоятлар орасидаги постлар тугатилиши, уларнинг айримларигина қолиши ҳақида хабар берган эди.

  Республика миқёсида ўтган 2020 йилда жами икки мингга яқин киши ЙТҲ қурбони бўлган эди. Бу йил якунида ҳам ушбу сон ошса-ошадики, камаймайдигандек. Кунига ўнлаб бўлаётган ЙТҲларнинг ўзида олти-етти нафардан зиёд ҳайдовчи ва йўловчилар, пиёдалар вафот этишмоқда. Хўш, бу ўринда ҳаммаси ҳам «қоидабузар фуқаролар» сабаб юз бермоқдами ёки қоидаларнинг мукаммал эмаслиги, қонунлардаги кунлик янгиланишлар-у душанбадаги гап сешанбага тўғри келмайдиган қарорлар ҳам сабаб бўляптимикан?

     Тўғри, бугун ҳайдовчиларнинг фаолиятини енгиллаштиришга қаратилган қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ижобий ҳолат, албатта. Хусусан, автомобилларнинг орқа, ён ойналарига парда тутишга, автомобилни бошқараётган пайтда симли ва симсиз қулоқчинлардан фойдаланишга, телевидеодастурларни томоша қилмаслик таъқиқи сақланган ҳолда, олд томонга мониторлар ўрнатишга,  ЙТҲ содир бўлган вақтда инспекторнинг иштирокисиз ҳам хабарнома тузишга рухсат берилиши, паспорт ёки ИД-карта ёнида бўлгани чоғда ҳайдовчилик гувоҳномасининг талаб қилинмаслиги – ҳаммаси ижобий ҳолатлар. Лекин…

  Шундай ҳолатлар ҳам борки, туриб-туриб, «юқори»дагилар халқнинг онги шаклланмай қолган тубан махлуқлар эканига ишонадимикан, деб ўйланиб қоласан киши. Ахир, соғлом одамнинг ақлига келмайдиган автомобил олд чироқларини ёқиб юриши ҳақидаги фикр (яхши ҳамки, бекор қилинди), раҳматли бобом таъбирича, қайси кун кўрмаганнинг тафаккурида адашиб қолди экан?! Ва ёки, автомобиллар ойнасини қорайтиришдек «ҳиммати олий» учун «армуғон ўрнидаги арзимас тўрт сўм пул» қора халқнинг ҳамёнига наинки сарф-харажат, балки истироҳат учун ҳам бирровга қўниб ўтмаслиги маълум эмасми? «Ариқлар тўла сув, ташнаи зорим болам…» деган ёзиқ бизнинг фуқароларга (номи ўзи билан – фақирларга) битгани рост кўринади. Ҳеч қачон ишламаган, лекин йўқлиги жигарингни юлиб олар даражада жарима олиб келадиган суғурталар ҳақида-ку, гап ё сўз бўлиши мумкин эмас. Ҳолат қордаги қорадек маълум. Яна биз аллақандай «Феррари»лар-у, «катта балиқ учун катта ҳаракатлар» ҳақида оғиз кўпиртирар гаплар эшитаверамиз. Ҳолимизга вой…

   Сўз мухтасари дуруст, айтиладиган жиддийроқ таклиф ҳам йўқ. Ўзимизнинг хомчўтга кўра, бирон ёқларга «сурмоққа» «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ўз нархлари билан жиддий қарши турибди. Хайр, бир хайри бўлар. Ҳолва деганга оғиз чучимаслигини вақти келиб англашар. Умид узмаймиз энди.

   Камолиддин Абдуазиз ўғли