Логотип керакми: 100 минг долларга чиздирамиз

Шу пайтгача бирор ташкилот танқидларга учраса, дарров номини ўзгартирарди. Янги Ўзбекистонда ном ўзгартириш эскирди, шекилли, навбат логотипларга келди. Биринчилардан бўлиб партиялар, энди банклар…

Каземир Малевичнинг «Қора квадрат»и ҳақида эшитгансиз.Ўтган асрнинг бошларида оддий тўртбурчак эътиборни кучайтирди, деярли янги даврнинг манифести деб номланди. Санъатшунослар ҳанузгача расмнинг машҳурлиги сирларини ва унинг махфий маъноларини тушунтиришга ҳаракат қиладилар, асарнинг ўзига хослиги борган сари кўпроқ тасдиқ топмоқдал. Унинг эътиборли жиҳати қора квадрат аслида қора рангда эмас, рассом турли ранглар қоришмаси натижасида қора тусга эришган. Агар ушбу расм ауционга қўйилса, 140 минг долларга баҳоланиши айтилмоқда…

Нима учун булар ҳақида гапириб қолдинг деяпсизми? «Агробанк»нинг янги логотипини кўриб, шулар эсимга тушиб қолди. Санъатни тушунмайдиганлар, 140 минг долларга қорага бўялган квадратни сотиб олишни ахмоқлик деб ўйлайди. Шу қатори биз, дизайнга ақли етмайдиганлар ҳам 100 минг долларга тўртбурчак ичидаги учбурчакни арзитмадик.

Мазкур логотипни россиялик машҳур дизайнер Артемий Лебедев чизиб берибди. Бу нимани англатади, бу логотип нима беради, шунча пул сарфлашга арзийдими деб кимдир ўйлаганига шубҳам бор.Момоларимиз қизларига сеп қилганда ёстиқ бошига айнан шу логотип шаклда қуроқ тикишарди, бахтли-тахтли бўлсин деб. Лебедев ҳам бундан хабардор шекилли, «Агробанк»ка толъе тилаган бўлса, яна билмадик. Танлов ўтказилиб, юз минг эмас, минг доллар ютуқ қўйилганида ўзимизнинг дизайнерлар ҳам чизиб берарди шу логотипни деб ўйлаганлар ҳам кам бўлмаса керак.

Ўзи шу пайтгача турган логотипни ўзгартиришга нима сабаб бўлди? Ребрендингга бағишланган тадбирга ҳам оз-мунча маблағ кетмагани аниқ. Янги лого билам янги руҳ, янги нафас кириб келди деб аравани қуруқ олиб қочишди холос. Бу пул ювишнинг замонавий усули, шекилли. Бобонгдан қолган меросмидики, шунча пулни ҳавога совурасан дейдиган одам йўқ. Ахир банк хусусий эмас, давлат акцияларига эга банк бўлса, халқ мулкини бу тарзда сарфлаш қанчалик тўғри?