Овулдошимнинг оти ўзгунча, ҳамсоямнинг тойи ўзсин

Қирғизистонда Бобур номидаги Ўш академик мусиқали драма театрининг тўлиқ реконструкциясига Ўзбекистондан 5 миллиондоллар ажратди. Таъмирлар ишлари 13 сентябрь куни бошланган.

Аввало, Қирғизистондаги бир бинони қайта қуриш учун шунчалик жон куйдиришга сабаб нима? «Ўзимиздан очдан ўляпмиз-у кийикка бало борми,» — дейди «Зумрад ва Қиммат» мултфилмида. Мамлакатимизда ишсизлик даражаси кундан кунга авж олаётган паллада, бозорлардаги нархнинг ортиши оқибатлари фонида бу каби хабарлар халқ юрагига зарба ўлароқ хизмат қилади. Ушбу ҳаракатлар нима учун керак? Оролдаги муаммони ҳал қилиш учун чет элдан қарз оламиз, камбағалликни қисқартириш учун яна қарз оламиз, аммо…

Тўғри, қардошлик ришталарини мустаҳкамлашимиз зарур, бироқ Қирғизистон биздан кўра бойроқ яшаяпти. Уларда демократия биздан кўра анча жадалроқ. Бугун меҳнат муҳожирларимиз Россия, Қозоғистон, Хитой, Жанубий Корея каби давлатларда муҳожиротда ишлаётгани сингари Қирғизистонга ҳам бориб ишлаяпти. Мана шу ажратилган маблағ эвазига биз ўзимиздаги ишсизликни бартараф этсак бўлмайдими ёки бу ҳам келажакдаги режаларга киритилган холосми?

Жогорку Кенешининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси 6 декабр куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Бобур номидаги Ўзбекистон драма театри ва Ўш давлат академик ўзбек мусиқаси биносини реконструксия қилиш ва жиҳозлаш тўғрисидаги битим лойиҳасини кўриб чиқди.

Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирининг ўринбосари Салтанат Аманованинг айтишича, ушбу театр энг қадимийларидан бири – 1914 йилда қурилган. Уни реконструксия қилиш тўғрисидаги қарор президентнинг Ўзбекистонга амалий ташрифи чоғида қабул қилинган.

«Бугунги кунга келиб, демонтаж ишлари якунланди ва 30 фоизи реконструксия қилинди. Фақат рамка қолади, қолганлари демонтаж қилинади. Барча ишлар жадвал асосида олиб борилмоқда. Реконструксия 2022-йил феврал ойида якунланади. «, — деди у.

Бу каби ишлардаги катта сўммани кўришимиз билан кўнглимизда ҳадик уйғонадиган бўлиб қолган. Шартномада Ўзбекистоннинг ўзи субпудратчини танлаши кўрсатилган. Ўзимизнинг монополистларимиз қаердан бўлмасин пулни ювиш учун йўл излаётгандек гўё. Бу каби кўзбўямачиликлар мамлакат ичкарисида ҳам содир бўлаётгани айни хавотирнинг сабабларидан.

Майли, ҳозирча Қирғизистон мавзусидан четламай турайлик.

Жорий йилнинг 12 март куни Садир Жапаров Ўзбекистонга ташриф буюрганди. Шу куни Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга Ўзбекистон халқи номидан Volkswagen Caddy ва Isuzu D-Max русумли 20 та тез ёрдам машиналари совға қилинганини маълум қилди.

Машиналар тезкорлик билан етказилди. Бу ҳали баҳордаги гап. Ҳозирги кунга келиб ҳам тоғли ҳудудларимизда, чекка қишлоқларда оғир аҳволдаги беморлар ҳам Дамасда ташилади, Дамас бормаган ҳудудлар ҳам рўйҳатимизда йўқ эмас. Бизга эса халқаро ҳамжамият олдида кўргазма керак…

Бундан ташқари Ўзбекистон Қирғизистон томонига катта миқдорда электр энергияси етказиб беради.

Энергетика вазири эса буни, “Куз-қиш мавсумида, Қирғизистонда энергияга бўлган талаб ортган даврда агар улар электр энергиясини кўпроқ ишлаб чиқариб “Тоқтогул” сув омборидан сувни кўпроқ чиқариб юборишса, кейинги йил баҳор-ёз ойларида мана шу сув ҳажмини тўлдиришга мажбур бўлишади ва ёзда сув чиқариш миқдорини кескин камайтиришга мажбур бўлишади”,— дея изоҳлаган. Бизгачи, бизга электр энергияси керак эмасми? Биров бизни ҳам ўйлайдими, дегимиз келади. Ўзимиз эса Туркманистон ва Қозоғистон томонидан электр энергиясини сотиб оламиз. Қизиқ ҳолат а?

Халқ эса мана шу кеча-кундузда ҳам шам ёруғида, печкадан чиққан тезакнинг тутунига ҳамоҳанг бўлиб “ҲАММАСИ ИНСОН ҚАДРИ УЧУН” деган тамойилнинг амалда ўз исботини топадиган кунларни кутмоқда.

Бу вақтда эса чойхона олдида ўзини-ўзи овутиб юрган Эргаш ака СССР пайтида коммунизм келган экан-у, биз билмай қолган эканмиз дея хўрсинади…

Муаллиф: Тошойна

Мавзуга оид:

Қирғизистон ГЕСларни кўпайтирмоқчими?..