Бу болалар семизлик, эрмак ёки арзимаган чақа ишлаш учун кунига ўн клометрлаб пиёда юрмайди, улар ҳар кун бошқаларнинг болалари қатори мактабга бориш учун шундай “улуғ йўлга” маҳкум этилган. Шундай ҳаётга суд ҳукмисиз 11 йил “кесилган».
Улар билан мактабгача юрсангиз йўлингиз ҳандаклар, далалар, пахтазорлар, тутзорлар аро кечади. Болаларнинг бир кунлик мактабга бориб-келишини бемалол ҳужжатли фильм қилиш мумкин. Айниқса, мактабга бориб толиққанидан мудрашларини… Барибир кўзларида ёлқин ва эртанги кунга, ҳаётга бўлган умид бор, бу мени таъқиб қилди.
Улар кўп нарса сўрамайди, сўрай олмайди ҳам, буни эшитувчи ҳам йўқ. Ўқувчиларнинг ўз давлатидан ягона, энг бирламчи ҳаққи – МАКТАБ, уни қизғонманг!
Улар (Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Бойбўри қишлоғи) ўзларининг мактаби йўқлигидан кўпдан бери азият чекади, бошқа қишлоқларга (Ғиштли, Тўқбой) қатнайди. Мен уларга қўшни шу қишлоқларнинг биридан туғилганман ва уларни яхши биламан. 80-90 йилдан бери шу аҳвол янгиланади, болаларнинг ўқишга кириши ва интилиши шу йўлларда йўқ бўлиб кетмоқда, кўрсатгич қўшни қишлоқларга нисбатан жуда паст. Мустақилликнинг илк йилларида мактаб қуриш бошланган, аммо охирига етмаган, ер ҳам, очиқ қолган ғиштлар ҳам болалар келажаги каби сотилган, мактаб экин майдонга айланган. Болалар ўқиши керак бўлган жойларда бугун пахта экилмоқда.
Қайтараман, бу одамлар давлатдан ўз ҳуқуқларини, яъни Давлат ўз болалари учун қилиши керак бўлган энг муҳим ишни, яъни Мактабни кутиш билан қаримоқда. Қатор идораларга қилинган мурожаатлар натижасиз қолмоқда! Болаларнинг умидларини сўндирманг. Ўғри бўлинг, Қонунларни сотинг, таниш-билишларни мансабга қўйинг, амма-келин қилинг, тоға-жиян қилинг, аммо инсоф билан бўлинг, ҳеч бўлмаса шу болаларнинг Мактаб ҳаққини беринг, келажагини ўғирламанг, уларга шоулар эмас, бугун ва келажакни ўзгартириш учун мактаблар керак!
(Бу мактаб ва болалар ҳақида кўп нарса билишни, ёртишни истаган журналистлар учун шу қишлоқ фаолининг рақамини берилади)
Таҳририятимиз ушбу масала бўйича Қамаши тумани ХТБ, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда қатор тегишли ташкилотлар томонидан алоҳида изоҳ кутиб қолади.