Биз нозик ҳилқат ҳисоблайдиган аёллар орасида унча-мунча кучли жинс вакилларининг елкаси кўтара олмайдиган залворли вазифа – сиёсат майдонида зукко ўйин кўрсата олганлари оз эмас. Буюук Британиянинг собиқ бош вазирлари Маргарет Тетчер, Тереза Мей, Ҳиндистоннинг жасур қизи Индира Ганди, франсуз хоними Кристиан Лагард, Қўшма Штатлар давлат котиби ва сенатори Ҳиллари Клинтон…
Бу рўйҳатни узоқ давом эттиришимиз мумкин. Аммо бугун сиз билан чиндан жаҳон иқтисоди ва сиёсатига ўз сўзини ўтказа олган яна бир шундай “Темир хоним” ҳақида суҳбатлашамиз. Бу, шубҳасиз Олмониянинг бундесканцлери Ангела Меркелдир.
Ангела Дороти Меркел 1954 йилда Ҳамбургда таваллуд топган. Маълумоти бўйича физик бўлган бўлажак канцлер демократик Германияда улғайди. Ва бу унинг бутун ҳаётида чуқур из қолдирди. Берлин деворининг қулаши чоғларида сиёсий фаолликка киришган Меркел 1990 йилда бўлиб ўтган Бундестаг (Германия Федератив Республикасининг парламенти)да депутатлик мандатини қўлга киритди. Шу ердан бошлаб Ангела Меркелнинг сиёсий юлдузликка томон дадил қадамлари бошланади.
Дастлаб, Ҳелмут Кол (Меркелдан аввалги бундесканслер)нинг кабинетида ишлаб, унинг ёрдамчиси даражасигача кўтарилади. Колнинг ўз ихтиёрига кўра истеъфосидан сўнг унинг вориси сифатида майдонга Ангела Меркел чиқди. У ўз даврида эришган айрим ютуқларни санаб ўтсак:
— Меркел замонавий ГФРнинг,,энг давомли” канцлерларидан бири;
—Германия ялпи ички маҳсулотининг қарийб 1 триллион долларга ўсиши сабабчиси. Унинг даврида ЯИМ 2,9 трлндан 3,8 триллион долларгача ўсган;
—2016 йилда миграция инқирозини енгади;
— 2010 йилги Еврозона инқирозини енгади;
— Меркел Европа Иттифоқининг ягона лидери бўлиб, Берлинни Европанинг моторига айлантиради;
— Украина ва Россия санкцияларига қарамай, Россия Федерацияси билан ҳамкорликни сақлаб қолади;
—Шимолий оқим 2 ни АҚШ ва унинг иттифоқчиси ҳужумларидан ҳимоя қилади;
— Унинг даврида Германия халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда хориждаги ҳеч қандай интервенцияда иштирок этмайди;
—Популизмга мурожаат қилмасдан узоқ вақт ҳукмронлик қилган ноёб замонавий дунё етакчиларидан бири ҳам айнан у.
Меркелдан журналистлар уйида нечта хизматчи ишлашини сўрашганида у “иккита – мен ва турмуш ўртоғим” дея жавоб берган эди. Дарҳақиқат, бутун бошли дунёнинг гигантлари билан ҳисоб-китоб юритадиган Германиянинг раҳбари дўкон учун харидларга ҳам ўзи боради, таомларни ҳам ўзи тайёрлайди, уйларни эса, турмуш ўртоғи билан бирга йиғиштиради.
Албатта, иш бор жойда камчилик, уста бор жойда ҳасад бўлади. Ангела Меркел фаолияти давомида уни қаттиқ танқид қилиб келганлар ҳам етарлича топилади. Лекин, уларнинг барчаси ҳам Меркелни мутлақ нолойиқ дея олишмайди.
Меркел ўзининг қатъий позициясини сақлаб қолиш билан нафақат Германияни, балки Европани ҳам икки бора қутқара олган ва муаммоларни бартараф эта олган лидердир. Унинг “биз буни қила оламиз” шиори Меркел нақадар жасоратли эканига оддий бир мисолдир.
Куни кеча “темир хоним” ўз ўрнини расман Олаф Шултсга бўшатиб берди. Ундан “нафақада нима қилмоқчисиз?” дея сўрашганида “мен энди дам оламан” дея жавоб берган эди. Айрим эркак раҳбарларимиз, нафақат бизнинг, бутун дунёдаги миллионлаб раҳбарий лавозимдаги кишилар шу аёлдан ўрнак олса, албатта, арзийди!
Камолиддин Абдуазиз ўғли тайёрлади