Сурхондарё вилоятида аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган 527 миллиард 428 миллион сўмлик мега лойиҳа «To‘palang HPD Platinum»га берилди. Бу ҳақда Telegram’даги «davletovuz» каналида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг ўзида бош пудратчи билан 527 миллиард 428 миллион сўмлик шартнома имзолангани айтилган. Бундан 3,4 миллиард сўми Россиядан пўлат труба қувурлар келтиришга йўналтирилади. Лойиҳани 2023 йилда якунлаш кўзда тутилган бўлиб, ҳукумат қарори билан «To’palang HPD Platinum» бош пудратчи сифатида тендерсиз танлаб олинган.
Таъкидланишича, бош пудратчининг ягона таъсисчиси «To’palang HPD Holding» МЧЖ ҳисобланади. Мазкур холдинг улушининг 61,70 фоизи Абдураҳмонов Ислом Абдуғаниевичга тегишли. Маълумотларга кўра, у «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти бошқарув раиси, сенатор Сангинов Абдуғани Абдураҳмоновичнинг ўғли ҳисобланади.
Шунингдек, 138 миллион долларлик лойиҳанинг техник-иқтисодий асослантирилиши «Гидропроект» АЖ томонидан ишлаб чиқилгани маълум қилинган. Ташкилотнинг 71,86 фоиз овоз берувчи акцияларига «Ўзбекгидроэнерго» АЖ эгалик қилади.
Аввалроқ Абдуғани Сангинов 799,6 млн. долларга тенг инвестицияни ўзлаштирилиши режалаштирилган Пскем ГЭСини қуриш ишларига бошчилиқ қилаётгани ҳақида маълум қилган эдик.