Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши раҳбари Валерий Фадеев Москва мэри Сергей Собяниндан метронинг бир қанча бекатларида пайдо бўлган ўзбек ва тожик тилларидаги белгиларни текширишни сўради. Унинг таъкидлашича, бу ҳақда фуқаролардан қатор норозилик мурожаатлари келиб тушган.
Сахаровда ягона миграция маркази ташкил этилиши муносабати билан «миграция оқимининг кучайиши» ҳақида «катта шикоятлар» келиб тушмоқда. Маҳаллий аҳолини энг кўп миграция марказига борадиган Прокшино метро бекатидаги белгилар ғазаблантирган. Ёзувлар рус, ўзбек ва тожик тилларида ёзилган.
Валерий Фадеевнинг таъкидлашича, бундай қарор гўёки давлат тили ҳақидаги қонунга зиддир. У ушбу қонуннинг аниқ бандларини келтириб ўтмаган. Бундан ташқари, у ўзгаришлар одатдаги метро қоидаларига мос келмайди деб ҳисоблаган.
«Биз муҳожирларни жамият ва маҳаллий маданиятга интеграция қилиш сиёсати ўрнига, янги келган биз рус тилини билмайдиганларнинг қулай яшаши учун барча шароитларни яратмоқдамиз», деб ғазабланди ИҲР раҳбари.
«Прокшино» ва «Лесопарковая» метро бекатларида ўзбек ва тожик тилларида такрорланган белгилар 2021-йил сентабр ойида пайдо бўлганди. Москва мэрияси матбуот хизматида аввалроқ миграция марказига кетаётган муҳожирларга қулайлик яратиш мақсадида бекатлардаги белгилар турли тилларда ўрнатилгани ҳақида маълум қилган эди.
Шу билан бирга, Москва метросида баъзи йўналишларда бир неча йиллардан бери станциялар номлари нафақат рус тилида, балки инглиз тилида ҳам эълон қилинган, метро линиялари диаграммаларида эса станциялар номлари лотин ҳарфларида ҳам такрорланган.