Бугун Қашқадарё вилояти журналистлари, блогерлари, ижтимоий тармоқ фаоллари ва ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда Ogoh.uz журналисти Ғиёсовга бир неча саволлар билан мурожаат қилди.
Жумладан, Ўзбекистон «Ҳукумат суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслик» рейтингида 139 та давлат ичида 138 ўринни олганлигида ИИВнинг қай даражада роли борлиги ҳақидаги саволга Ғиёсов умумий қилиб, бунда ИИВнинг бевосита таъсири йўқлигини маълум қилди.
Ogoh.uz журналистининг вазирликда call-center билан боғланишдаги муаммолар ва боғланиш рақамларини бир нечтага кўпайтириш ҳақидаги таклифига вазирлик матбуот котиби қуйидагича жавоб берди:
— Олдин биргина шу вазирликнинг ўзида 160 дан зиёд қабул рақамлари бор эди, бироқ фуқароларда кузатиладиган чалкашлик ва англашилмовчиликлар туфайли қабул рақамини биттага туширдик, натижада биргина рақам орқали мурожаатчилар 10 дан зиёд операторлар билан боғланиш имкониятига эга бўлди. Шунга қарамасдан қўнғироқ марказида муаммолар бўляпти, бунга операторлар етишмовчилиги ва маош масаласи сабаб бўлмоқда.
Мазкур жавобдан сўнг сайт журналисти Ғиёсовга яна савол билан мурожаат қилди:
— 2019 йил августдан 2020 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигига тонировка ўрнатишдан жами 302 млрд 635 млн сўм (салкам 29 млн доллар) пул тушган. Ушбу маблағ бевосита давлат бюджетидан алоҳида бўлган ИИВ жамғармасида тўпланади, наҳотки шунча маблағ билан ҳам маош ва кадрлар масаласида муаммолар кузатиляпти?
Ш. Ғиёсов: — Мен вазирлик бюджети ҳақида аниқ бир нарса дея олмайман, аммо пуллар ўз ўрнида ҳисоб-китоб билан, зарурий техника ва ташкилот моддий техник базасини яхшилашга сарфланади, — дея жавоб берди.
Учрашувда Ogoh.uz журналисти янги йил байрами арафасида пиротехника воситалари савдосининг авж олишини ҳисобга олиб, бир неча таклифлар билан чиқди, матбуот хизмати раҳбари эса, мазкур таклифларни пухта ўйлаб, амалиётга қўллаш ҳақида айтиб ўтди.