«Қўйлиқ» деҳқон бозори директорининг хавфсизлик бўйича ўринбосари Қодиржон Нормирзаев бозор бузилиши ёки кўчиши ҳақида хат ёки оғзаки топшириқ берилмаганини маълум қилди. Бу ҳақда у ЎзАнинг видео репортажида айтиб ўтган.
«Қўйлиқ» деҳқон бозори директори ўринбосари Қодиржон Нормирзаев бозор бузилиши ёки кўчиши ҳақида хат ёки оғзаки топшириқ берилмаганини, шу боис у бузилмаслигини маълум қилди. Бироқ, сотувчилар ва ишчилар Food City`га кўчиш, акс ҳолда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантириш хатларини олишган. Маъмурият эса бундан хабари йўқлигини айтмоқда.
«Янги мост бу ҳозирча лойиҳа. Ушбу мостни қурилишига 2025 йил ёки бошқа маълум бир вақт белгиланмаган. Қурилган тақдирда ҳам мост билан бозор орасида катта жой бор, айланма йўл қилиб, пастга туширганда ҳам бозорга ҳалақит қилмайди. Бозорнинг янги бозорга кўчирилиши бўйича ҳали бизга шаҳар ҳокимияти томонидан ёки бозорлар маркази томонидан ҳам ҳеч қанақа хабар берилмаган. Ва бизга бу бўйича огоҳлантириш хатлари ҳам юборилмаган», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, янги қурилган бозор улгуржи савдога мўлжалланган бўлиб, у ерда катта фура машиналари эркин, тўсиқсиз ҳаракатланиб кириб кела олади. «Бундан мақсад бозорга келаётган машиналарни шаҳар ташқарисида ҳаракатланиб, шаҳар ичида тирбандликни олдини олиш учун мўлжалланган жой», — деди маъмурият вакили.
Видеода бозор сотувчилари ва ишчилари 31 декабрга қадар Food Cityга кўчиш бўйича огоҳлантириш хати маъмурият томонидан берилганини таъкидлашмоқда. Бозор директори номига ёздирилган хатда арича 31 декабрь кунигача фаолиятини тугатиб, Food City
да фаолиятини давом эттириши, агар ушбу қонуний талабга амал қилмаса МЖтКнинг 183 моддаси (майда безорилик), 194 моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ҳамда Жиноят Кодексининг 277 моддаси (безорилик) ва 229 моддаси (ўзбошимчалик) асосида жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган. Бироқ хатда мазкур моддалар диспозиция дея қайд этилган.
Қодиржон Нормирзаевнинг ишонтиришича, огоҳлантириш хатлари маъмурият томонидан берилмаган.
«Уни (огоҳлантириш хатини) паттачи бергандир. Мендаги маълумотга кўра, бозор бузилмайди. Бозор бузилиши, кўчиши бўйича хат ҳам келмаган», — деди у.
Бозордаги савдогарлар ва ишчиларнинг қўлидаги хат бўйича эса жавоб бера олмаслигини қўшимча қилган.