Президент: “Бу масалада ҳамма айб газ раҳбарларида…”

Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор давомида хизмат кўрсатиш объектлари ва аҳоли хонадонларида хавфсизлик масалаларига катта эътибор бериш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

— Тегишли мутасаддилар кўп қаватли уйлардаги хонадонларни нотурар объектга айлантиришни соддалаштириш бўйича Ҳукуматга қарор лойиҳаси киритсин.

Бунда, кераксиз бюрократияни олиб ташлаб, ёнғин хавфсизлиги ва санитария бўйича аниқ талабларни белгиласин, — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев ушбу масалани кўриб чиқаркан, Деновда рўй берган фожиага алоҳида тўхталиб ўтди.

— Деновда оғир воқеа рўй берди. Сабабларни ўрганиш учун барча ишни амалга оширдик.

Бу масалада ҳамма айб газ раҳбарларида. Кам босимга мўлжалланган қувурга ўрта босимни улаб юборишган. Оқибатда икки киши нобуд бўлди. Бу фожиани яшириш керак эмас, яширмаймиз. Биз вафот этганларнинг оиласини эътиборга олганмиз, энг муҳими — бундай ҳодиса бошқа такрорланишига йўл қўймаслигимиз керак.

Ҳалиям Худо сақлади бизни. Яна қанча одам вафот этиши мумкин эди. Кундузи шу воқеа юз берганда нима бўларди?

Бундай ҳолатга бошқа йўл қўйилмаслиги шарт. Барча ҳокимлар тегишли ташкилотлар билан бирга газ қувурларини хатловдан ўтказади ва хавфсизлик масалаларини кўриб чиқади. Ҳар бир ҳоким ўз ҳудуди учун жавоб беради, — деди Президент.

8 декабрь куни Сурхондарё вилояти Денов туманидаги «Инденим» савдо мажмуасида портлаш содир бўлди. Ҳодиса жойига Бош вазирининг биринчи ўринбосари Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси сафарбар этилиб, изчил текшириш ишлари олиб борилди. Ҳодиса натижасида 2 киши қурбон бўлди, тўққиз нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олди.