«Сирена товуши қабиҳ ниятли кишини ҳушёр торттиради, эс ҳушини йиғиб олишга ундайди»

Бухоро вилояти Когон шаҳри ҳокими Ҳаёт Давлатов хизмат автомашинасига тартиб-қоидага зид бўлса-да, сирена ўрнатгани муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Хаёт Давлатов халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессиясида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ва бажарилиши кўзда тутилган устувор вазифалар ҳақида маъруза қилаётиб, бу ноқонуний ҳаракатнинг сабабини маълум қилди.

Ҳокимнинг таъкидлашича, шаҳарда жиноятчилик айрим турларининг кўпайиши уни шундай йўл тутишга ундаган.”Тунда ҳудуд кўчалари бўйлаб юрганда бунинг фойдаси тегади, — дея изоҳ берди у. — Чунки аксарият жиноятлар одатда тунда содир этилади. Сирена товуши қабиҳ ниятли кишини ҳушёр торттиради, эс ҳушини йиғиб олишга ундайди”.

Бу гаплардан сўнг ҳокимиятдагилар туманда касаллик кўпайиб кетяпти, шунинг учун хизмат машинамизга «Амбуланс» деб ёзиб олдик дейишса ҳам ажабланманг.

Чунки уларга келганда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 127-моддаси иккинчи қисмига кўра, тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш — ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўдади деган қонун ишламайди.