Экология қўмитаси жорий йилнинг 12 декабрь санаси тахминан соат 14:00 ларда Тахтакўпир тумани Қўнғироткўл овул фуқаролар йиғини атрофидаги чўл ҳудудида давлат рақамисиз “УАЗ 469” автомашинасида турган номаълум шахслар инспекторларнинг яқинлашаётганлигини кўриб қолиб, воқеа жойидан қочишгани ҳақида хабар берди.
Бу хабар тезлик билан оммавий ахборот воситалари ҳамда ахборот порталларида ёзилди.
Хабарда, инспекторлар тахминан 5 км масофагача уларнинг изидан боргани, лекин ушлаш имкони бўлмагани ҳақида айтиб ўтилган. Кулгули ҳолат эмасми? Наҳотки қизил китобга киритилган ҳайвонлар яшайдиган ҳудуд кучли назорат остида бўлмаса? Броконьерлар бу ҳудудга қайси вақтда келиб олишган-у, қандай қилиб ҳайвонларни овлаган?
« Воқеа жойи кўздан кечирилганда отилган патрон гилзаси, идиш-товоқ, хўжалик буюмлари бўлган пичоқ, болта, ёқилғи, кийим-бошлар ҳамда “Қизил китоб”га киритилган 14 дона жайрон, 5 дона ёввойи қуён ташлаб кетилганлиги маълум бўлди»,— дея қўшимча қилинган хабарда.
Шу ўринда яна саволларимиз пайдо бўлади. Наҳотки ўқ овози экология ходимларига эшитилмаган бўлса, ёки жиноятчилар овоз ўчириш воситаси орқали энг сўнгги русумдаги қуроллар билан ов қилишганми?
Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Хаёт Шамсутдинов берган маълумотларга кўра, Қорақалпоғистонда браконьерлар 14 бош жайрон ва 5 дона ёввойи қуёнларни овлаганлиги ҳолати юзасидан ўтказилган текширишда Ўзбекистон Республикаси ҳайвонот дунёсига 190 млн. 350 минг сўмлик жуда кўп миқдордаги моддий зарар етказилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан тўрт нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми “е” ва “ж” бандлари (Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Майли, зарар миқдори аниқланибди, жайрон ва ёввойи қуёнлар тақдири нима бўлди? Шу баҳонада Экология қўмитасининг ўзи бу ҳайвонларнинг гўштларини тансиқ таом сифатида «олий табақали» кишиларга пуллаб юбормадимикан?
Бизни бир нарса ҳайратга солади. Доим броконьерларни жонсиз ҳайвонлар билан тутишади. Бироқ ўзларига қарши ахборотлар чиқиши билан ҳар қандай ҳолатга расмий баёнот беришни қойиллатишади. Юқоридаги ҳолатда эса овчиларнинг қочиб кетгани ҳақидаги маълумот жуда ишончсиз. Ҳамманинг қўлида телефон деган матоҳ бор даврда нега ушбу ҳолатни тасдиқлаш учун видеотасвирга олиб қўйишмагани ҳам ажабланарли ҳолатлардан бири.
Эслатиб ўтамиз, май ойида «Қизил китоб»даги қўнғир айиқ Экология қўмитаси раисининг рухсати билан Тошкент вилоятида россиялик овчи томонидан отиб ўлдирилган, бу жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганди. Айримлар Экология қўмитаси раисининг истеъфосини талаб қилганди.
Кейинчалик маълум бўлишича, Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Алишер Максудовнинг имзоси билан Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган 2 та Тяньшан қўнғир айиғини отиш учун Россия фуқароси Широков Е.П.га 2021 йил 3 март куни №400030-сон рухсатнома берилган экан.
Мазкур рухсатнома экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Бўстонлиқ туман инспекциясида №4-сон билан 2021 йил 31 март куни рўйхатга олинган.
Орадан уч ойга яқин вақт ўтгач, Шавкат Мирзиёев раислигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудов лавозимидан озод этилди. Бироқ ушбу селекторда Экология қўмитаси раҳбари томонидан тақдим этилган лецензия ҳақида гап ҳам бўлмаган. Қолаверса лецензия бериш учун олинган пуллар миқдори ва бу сўмма қаерга тўлангани ҳақида ҳеч қандай маълумот тақдим этилмаганди.
Маълумот ўрнида 2019-2020 йилги ов мавсумида рухсат берилган квотадан ташқари жами 13 минг (қуён, ғоз, ўрдак ва бошқа) бошдан ортиқ ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний овланишига имконият яратилганлиги аниқланган.