Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан янги муомалага чиқарилган 50 000 сўм ва 100 000 сўм бўлган пулларда хатолик аниқланганлиги кенг муҳокамага сабаб бўлган эди.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки муносабат билдирди.
Унда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 2021 йил 15 декабр куни янги дизайндаги 50 000 сўмлик ва 100 000 сўмлик банкнотларнинг муомалага чиқарилиши ҳамда уларнинг кўриниши тўғрисида ахборот берилган эди.
Миллий валютамиз дизайнига бефарқ бўлмаган фуқароларимиз томонидан 50 000 сўмлик банкнот намунасининг олд томонида “Ал-Ҳаким ат-Термизий” мақбараси тасвири туширилганлиги, аммо мақбара номи “Абу Исо ат-Термизий” деб ёзилганлиги билдирилди.
Мутахассислар билан қайта ўрганиш натижасида ҳақиқатдан ҳам намунадаги тасвир ва унинг номланишида техник хатолик мавжудлиги маълум бўлган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Марказий банки янги дизайндаги 50 000 сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилишидан олдин унинг намунасида аниқланган техник хатолик бартараф этилишини ҳамда мақбаранинг номи тўғри қайд этилишини маълум қилади, дейилади хабарда.