Отам тирикчилик сабабидан вилоятларда бўлади, баъзан мен ҳам қаторларида бўламан. Қайсидир мавсум тугалланса, рейдлар, текшир-текширлар авж олиб қолади, вилоятлар чегарасидаги постларда битта-битталаб, текширувлар бўлади, қаторлаб, навбатлар… Сабаб оддий, жарималарни ундириш, олдин огоҳлантириш олган жаримаси бор ҳайдавчиларни тўғри “майдон”га элтиш.
Мисол учун олайлик, йил якунланяпти, барча ташкилотлар йиллик ҳисоботларни топширишлари керак, бу катта юклама. Ҳисобот тўлиқ бўлиши учун жарима, қарздорлик, кредит ва шунга ўхшаш моддиятга боғлиқ ишлар тезроқ ҳал бўлиши лозим. Бир тийин қарзингиз бўлса ҳам, тўлашга мажбурсиз. Аммо истисно ҳоллар ҳам бор экан.
Блогер Мақсуд Музаффаровнинг ёзишича, “Биламиз бугунги кунда байрам яқинлигини, байрамда одамлага пул керак бўлишини, қийнамасликни ҳисобга олмаган ҳолда қарздорликни ундиришга катта куч ташланган. Масалан, Қашқадарёда қарзи бор автомашина эгаларини уйига бориб автомашинани олиб кетишаётганлигини ҳам эшитяпмиз. Бундан ташқари ҳар куни қарздорликка кучайтирилган рейд. Нега ундай қиласизлар? Қийнаманглар бизни деса, бу МЖТК 291 моддаси талаблари деб баралла айтасизлар. Лекин мана бу 01202VSG автомашинаси ўз оёғи билан ходимларингиз кўлига тушиб, унинг 50 миллион қарзи бўлишига қарамасдан жарима майдонига қўйилмади”.
Бу ҳали ҳаммаси эмас, кейинроқ маълум бўлишича, dyhxx.uz сайти маълумотига кўра, 01202VSG рақамли машинанинг умумий қарзлари суммаси 148.499.000 сўмни ташкил этмоқда экан. Мана, кўрмоқдамизки, халққа ишлаган қонунлар ички ишлар тизими идораларига келганда ҳатлаб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Саидов Олим Чорикуловичдан ушбу ҳолатга ойдинлик киритилиб, қоидабузарлар жазоланишини сўраймиз.
Зайниддин Норқувватов