Андижон вилояти ҳокими “Ҳоким ёрдамчи”ларининг униформаси учун салкам 900 миллион сўм миқдорида маблағ ажратди

Давлат бюджети — давлатнинг солиқлар ёрдамида жамланадиган энг йирик марказлаштирилган пул жамғармасидир. 

Ўз иқтисодий моҳиятига кўра давлат бюджети — бу иқтисодиёт, ижтимоий-маданий тадбирлар, мудофаа ва давлат бошқаруви эхтиёжларини молиялашга мўлжалланган буджет жамғармасини шакллантириш ҳамда, ундан фойдаланиш масалаларида миллий даромадни қисман миллий бойликни ҳам қайта тақсимлаш борасида давлат билан юридик ва жисмоний шахслар ўртасида юзага келадиган пул муносабатларидир.

Юқорида келтириб ўтганимиздек, давлат бюджети асосан, солиқлар ёрдамида шаклланади. Солиқларни эса сиз, мен, шу халқ тўлар экан, ўйлайманки, пулимиз қаерга, нима мақсадда сарфланаётганини билишимиз, муҳокама қилишга ҳаққимиз бор.

Бир неча кун аввал шаҳар, вилоят, туман марказларида ўрнатилаётган арчалар, байрам базаклари учун жуда кўп маблағ сарфланаётгани, қимматбаҳо арчаларнинг қулаб, ёниб кетаётгани ҳақида мулоҳаза юритган эдик.
Майли, байрам тараддуди шу халқ учун, одамларнинг кайфияти кўтарилади дея ҳокимларнинг вилоят ва туманлар учун ажратаётган бу каби катта суммасини оқлагандай бўлдик.

Энди эса жойингизга яхшилаб ўрнашиб олинг, эьтиборингизга яна бир хабарни келтириб ўтамиз:

«Андижон вилояти ҳокими “Ҳоким ёрдамчи”ларининг униформаси учун салкам 900 миллион сўм миқдорида маблағ ажратди.
Вилоят бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига — 970 500 (тўққиз юз етмиш миллион беш юз) минг сўм миқдорида маблағлар ажратилди.

Шунингдек, вилоят маҳаллий бюджети даромадлар режасининг 2021 йил 3-чорак якуни бўйича орттириб бажарилган қисми ҳисобидан — вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига “Ҳоким ёрдамчи”ларининг униформаси учун 855 (саккиз юз эллик беш) миллион сўм, вилоят ҳокимлиги ишлар бошқармасига вилоят ҳокимлиги моддий техника базасини мустаҳкамлаш учун 130 (бир юз ўттиз) миллион сўм, жами 985 (тўққиз юз саксон беш) миллион сўм миқдорида маблағлар ажратилди.»

Ҳой-ҳой, ҳушингиздамисиз? Ё ҳамма ишни ташлаб, ҳоким ёрдамчилигига номзод қўймоқчимисиз? Камида 4-5 миллион ойлик, олий таълим учун имтиёз,ипотека асосида квартира олишда 50 фоизгача субсидия, камига 800-900 минг турадиган (Андижонда 100 та туман бўлиб, шунча ёрдамчи бўлганида ҳам ҳар бирига 800 минг сўмдан ошиқроқ тўғри келади) форма! Нима ҳам дердик, шунча пулга тикилган кийим билан халққа кўпроқ фойдалари тегар…

Бунинг устига ҳокимларимиз бюджет сарфи билан боғлиқ масалаларни вилоят, туман депутатлари, солиқ тўловчи жамоатчиликка муҳокамамига қўйиб, сўнг қарор чиқариши шарт эмас. Ахир давлат бюджети уларга отасидан қолган мерос бўлса!

Шахруза Сатторова