Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабаларга мурожаат билан чиқди

Маълум қилганимиздек, жорий ўқув йили учун белгиланган қишки таътил даври 24 январга қадар узайтирилди. Шу билан бир қаторда талаба-ўқувчиларга ўз уйларидан таълим муассасаларига қайтишларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида темирйўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилди.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг 11 январигача бўлган муддатга харид қилинган авиа ва темирйўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилмоқда.

Бироқ бугун ижтимоий тармоқларда чипталарни алмаштиргани келган талабалар ва фуқароларнинг катта навбати акс этган видеолар тарқалди.

Шу сабабли Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар ва уларнинг яқинларига мурожаат билан чиқди.

«Темирйўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам, 11 январгача бўлган даврга харид қилинган авиа ва темирйўл чипталарини бепул тарзда алмаштириб бериш муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилганини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Шундай экан, азиз талабалар, ҳурматли ота-оналар 24 январга қадар захирангизда қарийб 17 кун бор.

Барча талабаларнинг 11 январгача бўлган даврга харид қилинган темирйўл чипталари тўлиқ бепул тарзда алмаштириб берилади. Эҳтиёждан келиб чиқиб, қўшимча йўловчи поездлар қатнови ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Шунингдек, сиз чипталарни жойлардаги (шаҳар, туман) темирйўл кассаларидан ҳам алмаштириш имконига эгасиз.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, сиздан чипта кассаларида узоқ навбатларда туриб, вақтингизни беҳудага сарфламаслигингизни сўраймиз», дейилади хабарда.

Бундай пайтларда электрон алмаштириш хизматини жорий этиш энг мақбул ечим, деб биламиз ва маъсул кишиларга шу тартибни жорий этиш таклифини берамиз, бу билан фуқароларнинг ортиқча қатнов, ҳужжатлар учун югур-югурларига чек қўйилади, ҳозирги каби қатор навбатлар ва норозиликларнинг олди олинишига ишончимиз комил.