Болажон халқмизми, ё болафуруш?

Деярли ҳар ойда янги туғилган чақалоқларнинг сотилиши тўғрисида хабарлар тарқалади. Уларда чақалоқлар яқинлари томонидан 700 АҚШ долларидан 23-30 минг долларгача сотилаётганини кўриш мумкин. Энг ачинарлиси, гўдаклар ўз оналари томонидан пулланмоқда.

Ушбу жиноятга қўл урган хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолати ўрганилганда, уларнинг кўпчилиги бугун оғир турмуш шароитида ва моддий қийинчиликда яшаётгани, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда психологик ёрдамга муҳтожлиги аниқланади.

Ҳикоя қилаётганимиз жажжи чақалоқ Мухаммадбилол ҳам 9 минг долларга баҳоланган. Имконсизликданми, ё иймонсизликдан, ота-она жонининг бир парчасини кераксиз буюм каби сотиб юбормоқчи бўлган. Балки уларга ҳам осон эмасдир.

Воқеа ўрганилганда Иноятов Санжархон Умархон ўғли 2019 йил 17 июнь куни соат 14:00ларда ўзининг шаръий никоҳида бўлган хотини Турдиева Гўзал Шавкатовна билан олдиндан тил бириктириб, 2018 йил 26 октябрь куни туғилган ўғлини Муҳаммадбилолни сотиб юбормоқчи бўлади.

Шу мақсада Тошкент шаҳар Учтепа тумани Чилонзор мавзеси 12 даҳасида жойлашган «Жиз-биз» деб номаланган кафеда Ибрагимова Сабоҳат Асқар қизи билан келишиб, ундан 9000 доллар миқдоридаги пулларни олаётган вақтида Ички ишлар ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

«2018 йилда биз турмуш ўртоғим Иноятов Санжар билан турмуш қурганмиз. Шундан сўнг биз ўғил фарзандлик бўлдик. Шу вақтда турмуш ўртоғим билан вақтинча ишсиз бўлиб қолдик. Аёллар салонида Т. билан танишиб қолдик ва мен унга аҳволимиз ҳақида айтиб бердим. Болани парвариш қилишда қийналиб қолганимизни тушунтирдим. Сўнг Т. бизни Ибрагимова Сабоҳат билан таништириб қўйди. Бола учун 9000 доллар миқдорида пул олишга келишдик. Болани ўзимиз парвариш қилишга имконимиз бўлмагач, шу йўл билан унинг келажаги яхши бўлишига ишонган эдик», —дейди боланинг онаси Турдиева Гўзал.

Ота-онага ЖК 135 моддаси 3-қисми «а» банди бўйича жиноят иши очилиб, ота 5 йилга, она 4 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Жиноят учун жазо муқаррарлиги аниқ. Аммо шунга мажбур қилаётган муҳит учун ким жавобгар?

Аммо… Танганинг иккинчи томони ҳам бор.
Енгил-елпи ҳаётининг «мева»си бўлган фарзандини пуллаб,ўша пулларга олинган уй,ё машинада кайф-у сафосини давом эттириб юрган она сўзига номуносиблар қанча?

Ими-жимида олди-берди қилаётган қўлларнинг қанчасига кишан тақилдию, яна қанчасига тилла билагузук?

Бу мавзу ҳақида кўп гапирганмиз, ва яна гапираверамиз. Афсуски шу қадар тубанликка бораётган, фарзандини онасидан, ўзини эса она деган буюк номдан мосуво қилаётганлар, бу ишни эса қўлнинг кири ҳисобланмиш пулни деб амалга ошираётганлар — бугуннинг энг жирканч ва аянчли ҳақиқати.

Шахруза Сатторова