Ширин қовунлар мамлакатидан гапирамиз: Қодиров янги вазирлик тузишни таклиф қилди

Алишер Қодиров янги вазирлик ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда «Миллий тикланиш» партияси етакчиси партиянинг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтди.

Диний таълимда эркинлик берилиши ҳақида фикрлар илк бор янграй бошлаган пайтда, бу эркинлик миссионерлар томонидан «миллионлаб зомби ёшлар» пайдо бўлишига олиб келишини билдирган шахс, орадан озгина вақт ўтиб Қуръон курсларини кўпайтиришни ва диний таълимни ривожлантиришни ёқлаб чиқди.

‌Оммавий ахборот воситаларини назорат қилиш бўйича қонун лойиҳасининг асосий ташаббускори ОАВ эркинлигини оширишга ваъда берди.

Антимонопол қўмитани популизмда айблаб, «UzAuto Motors» ни очиқчасига ҳимоя қилган депутат, кўп ўтмай иқтисодиётда давлат иштирокини камайтиришни, монополияга қарши курашиб, имтиёзларни чеклаш ҳақида бонг уриб чиққан эди.

‌Расул Кушербаев масаласида аввал истаганча популист дея ҳақорат қилиб, кейин эса “дебатда” бу яхши сўз, қанийди мени ҳам популист дейишса деб, силлиққина вазиятдан чиқиб кетган ҳам, «Ижтимоий тармоқ халқ дегани эмас», «Мигрантларга ҳам солиқ солиш керак» каби «машҳур» фикрлар эгаси Алишер Қодиров бугун яна эътибор марказида.

Депутатимиз давлат аппаратини, вазирлик, агентлик ва умуман бир-бирини такрорлаётган функцияларни кескин қисқартириш зарур деб бонг ураётган бир пайтда Тарбия ва таълим вазирлигини ташкил қилишни таклиф қилиб чиқибдилар.

“Тарбия ва таълим вазирлиги ташкил этилиб, вазирнинг учта: оила ва хотин-қизлар масалаларига масъул, боғчада тарбия ва бошланғич таълимни ташкил этишга масъул, мактабда таълим ва тарбияни ташкил қилишга масъул ўринбосарлари бўлиши таклиф қилинади. Бу вазирлик ҳар бир бола учун оиладан бошлаб мактабдан чиқиб кетгунича (туғилганидан 18 ёшгача) бўлган даврда тарбияси ва таълим сифати учун масъул бўлади”, — дея ёзган Миллий тикланиш” партияси етакчиси телеграм каналида.

Қодировнинг шахсини тинч қўйиб илгари сурган таклифини таҳлил қилсак.

Масалан, бизда ишсизлик кўпайиб кетди. Ёшларни иш билан таъминлаш, бўш иш ўринлари яратиш учун янги лойиҳалар ва шу лойиҳа билан шуғулланувчи шахслар лозим.

Илғор давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, дейлик ишсизлар сони кўпайиб кетса, яшаш шароити ёмонлашса, бирор бир ташкилот ёки агентлик тузилади. Керакли чора-тадбирлар кўрилади, лойиҳалар тузилади ва шу мақсадда маблағ молиялаштириб, соҳага даҳлдор кишилар жалб қилинади. Энг асосийси, шу ташкилот зиммасига масъулият юклатилиб, ишига ҳеч қандай омиллар таъсир кўрсатмаслиги кафолатланади. Маълум муддат ўтгач эса натижа сўралади, кўзланган мақсадга эришилгач ташкилот молиялаштирилмайди ва ўз-ўзидан фаолияти тўхтатилади.

Энди мусаффо осмонимизга келсак, биз тарафларда бир ташкилот ёки агентлик тузилади. Ҳозирги кунга келиб бу идора зиммасидаги масалалар ўз аҳамиятини йўқотиб бўлган бўлса-да, фаолияти давом этаверади. Маблағ молиялаштирилиб, ўз иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида ўзининг аҳамияти ҳақида оғиз кўпиртириб гапираверади. Ҳеч кимга қизиғи бўлмаган, лекин «янги» лойиҳалар хўжакўрсинга яратилиб, ҳеч қандай натижаларсиз якунланади. Ҳааа, бизда мана шундай боқиманда ташкилотлар жуда кўп.Ўзи иқтисодимиз жуда унақа гуллаб-яшнаб кетмаган ва молиявий маблағ туфайли ечимини кутиб ётган жуда кўп ижтимоий муаммолар турган бир даврда давлат ташкилотлари ихчамлашиш ўрнига кўпайиб бормоқда. 

Биздан иқтисодиёти анча ривожланган давлатларни ҳам вазирлик, ташкилот, агентлик тузишда ортда қолдиришимиз ҳеч кимга сир эмас. Ҳозирги кунда 20 дан ортиқ вазирликларимиз бўлиб, энг юқори лавозимда ишлайдиганлар ҳам номма-ном айтиб беролмаса керак. Бундан ташқари ҳар бир давлат қўмитаси, вазирлик, агентлик ва ташкилотнинг унитар корхоналари ва марказлари ҳақидаку гап сўз бўлиши мумкин эмас.

Шундай экан, менда осонроқ таклиф бор: бирор бекорчихўжа вазирликнинг номини ўзгартирайлик. Ҳам ортиқча маблағ кетмайди, ҳам янги вазирлик пайдо бўлади. Ахир, бу муаммоларни ечишнинг ўзбек модели-ку. Зинҳор аслида вазифаси нима эканлигини билмаган бир-бирига эгиз ташкилотларни қисқартириш ҳақида ўйламанг. Ёқса бюджетни қаерга сарфлаймиз?

Қодировга эса раҳмат. Унинг қовунларини соғиниб қолган эдик, жиддий мавзулардан эътиборимизни чалғитгани учун ундан миннатдормиз!

Шахруза Сатторова