2021 йилнинг 1 январига келиб давлат қарзи 5,5 миллиард долларга кўпаган ва 23 миллиард 300 миллион долларни ташкил қилган. Йил охирида эса бу кўрсаткич қарийб 38 миллиард долларга етди.
Давлат ташқи қарзи ҳозирда энг кўп мунозараларга сабаб бўлиб келаётган мавзу ва бу тўғри. Зеро, қанча қарз оляпмиз, қаерга сарфлаяпмиз, бунинг натижаси қандай бўляпти, ҳаммаси жамоатчилик назоратида бўлиши керак.Йўқса, бу соҳада талон-торожликлар, кўзбўямачиликлар, ўзлаштиришлар тўхтамайди.
Сўзимиз исботини келтирадиган бўлсак, ташқи қарзнинг охирги тўрт йилда деярли 3 каррага ортиши турмуш даражасини деярли оширгани йўқ.
Расмий маълумотларга ишониладиган бўлса, 2018 йилда давлат қарзи 11,5 миллиард доллар эди. Бунинг 7,5 миллиарди давлат ташқи қарзи. 4 миллиард доллари давлат ички қарзи.
2019 йилда давлат қарзи 14 миллиард 700 миллион доллар. Бунинг 9 миллиард 900 миллион доллари ташқи қарз, 4 миллиард 800 миллион доллари давлатнинг ички қарзи.
2020 йилнинг 1 январида давлат қарзи 17 миллиард 800 миллион долларни ташкил қилган. Бунинг 15 миллиард 700 минг доллари давлат ташқи қарзи ва 2 миллиард 200 миллион доллари ички қарз бўлган.
2021 йилнинг 1 январига келиб давлат қарзи 5,5 миллиард долларга кўпаган ва 23 миллиард 300 миллион долларни ташкил қилган. Бу 2018, 2019 ва 2020 йиллардаги қарзлардан кўпроқдир.
Молия вазирлиги тақдим этган ҳисобот таҳлил қилинадиган бўлса, аниқ бўладики, 2019 йилда давлат қарзи 2018 га нисбатан 3 миллиард 200 минг долларга, 2020 йилда 2019 га нисбатан 3 миллиард 100 миллион долларга, 2021 йилнинг 1 январига нисбатан 2020 йилдагига кўра 5,5 миллиардга кўпроқ. 2021 йилда эса бу кўрсаткич қарийб 38 миллиард долларга етди.
Жон бошига ЯИМ айни дамда 2016 йил кўрсаткичидан пастроқ.Ташқи қарзнинг ошиши ЯИМ ҳажмининг ошишига ҳам хизмат қилмади. Қоида тариқасида, ташқи қарз ошиши ЯИМ ошиши суръати юқорилиги эвазига нисбий афзаллик яратишига умид қилинади.
Одатда давлат қарзи ва унинг динамикасига баҳо берилганда қарзнинг ялпи ички махсулотга (ЯИМ) нисбати ўганилади. Ушбу кўрсаткичнинг энг юқори чегараси Маастрихт (1992 йил 7 февралда Нидерландиянинг Маастрихт шаҳрида имзоланган) келишув мезонларига кўра 60 фоиз, Халқаро валюта фонди ва Европа иттифоқининг кўрсатмаларига мувофиқ 50 фоиздан ортмаслиги тавсия қилинади.
Агар дунёдаги ташқи қарз географиясига назар ташланса, давлат қарзининг нисбий ва абсолют қийматларига кўра энг юқори даража – АҚШ, Япония, ва Европа иттифоқи(ЕИ) мамлакатларига тўғри келади. Ушбу мамлакатларнинг аксариятида мамлкат ташқи қарзининг ЯИМга нисбатан 60 фоизлик “қизил чизиқ”дан аллақачон ошиб бўлган, айримларида эса 100 фоиздан ҳам ортиқлигини кузатиш мумкин.
Юртимизда эса давлат қарзининг сўнгги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи (ЯИМга нисбатан — 40,4 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан — 36,5 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолмоқда.
Ташқи қарзни ҳар қанча тараққиёт учун зарурат деб ҳисобламайлик, бироқ қарзлар ҳажмининг тез суръатда ўсиши иқтисодиётга катта хавф туғдиради.
Кунда кунора халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда ҳам талайгина муаммолар мавжудлиги ҳақида эшитамиз.
Айрим лойиҳалар йиллаб кечиктирилган, шунингдек, лойиҳада кўзда тутилган мақсадлар доимий ўзгартирилган ёки сифатсиз асбоб-ускуна ва жиҳозлар қиммат нархларда сотиб олинган.
Ҳатто баъзи лойиҳаларнинг самарадорлик кўрсаткичлари ўта паст даражада ҳамда маблағлар талон-торож қилинган…
Афсуски, кўпчилик ташқи қарз деган тушунчага эътибор бермайди, лекин у ортган сари мамлакат ичида товар ва хизматлар нархи ортиб бораверади, янгидан янги жарималар, пенялар пайдо бўлаверади, солиқ турлари ҳам кўпайиб бораверади, ҳар хил чекловлар юзага келишни бошлайди. Ишсизлик ҳам бўйин чўзиб бораверади.
Жамғарилган ташқи қарз, иқтисодий ўсиш ва фаровонликка эмас, самарасиз ва давлат назорати остидаги иқтисодиёт мундарижаси шароитида фақат турли кўришдаги ўзлаштиришларга ва капитални четга олиб чиқиб кетишга хизмат қилди холос. Ўзи самарасиз ва рақобатга яроқсиз иқтисодиётимиз янада ожизланди. Айтганча, 2022 йилда 11 трлн ташқи қарз олиш режалаштириляпти.
Шахруза Сатторова