Коронавируснинг “омикрон” штамми дунё аҳолисини яна иҳоталанишга мажбур қилди. Айниқса, пандемиянинг янги тўлқини авж олаётган мамлакатлар қўшимча карантин чекловлари орқали касалликнинг кенг тарқалишига тўсиқ қўймоқчи.
Масалан, Германияда жамоат жойларида тиббий ниқобсиз юриш тақиқланди. Вакцина олмаган ва “манфий” тест натижаси бўлмаганлар ресторану барлар, театру томошагоҳлар ҳамда фитнес клубларига киришдан маҳрум.
Францияда бустер-доза билан эмланиш учун аҳолига 7 ой муддат берилди. Чунки ҳозир бу ерда кунлик касалланиш ҳолатлари чўққига чиққан. Масалан, 15 январда мамлакатда 324 минг кишида СOVID-19 инфекцияси аниқланган.
Данияда ҳам мутахассислар эмланишга катта умид боғлашяпти. Шу сабабли у Европада тўрт дозали вакцинани қўллаган биринчи давлат бўлди.
Грецияда эса 60 ёшдан ошган эмланмаган фуқаролар жаримага тортила бошлади. Тўлов миқдори 50 еврога тенг ва келгуси ойдан у икки баробар оширилади.
Ҳиндистон пандемия даврида коронавирусни юқтириш кўрсаткичлари бўйича жаҳонда иккинчи ўринда. Бу ерда жами касалланганлар сони 37 миллион нафардан ошган. Улардан 486 минг нафари СOVID-19 асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмган.
Ҳозир ҳам мамлакатда эпидемиологик вазият мураккаб. Маҳаллий шифокорлар аҳолидан ҳеч бўлмаганда бу йил Ганг дарёсида оммавий чўмилиш маросимида иштирок этмасликни сўраган. Бироқ бу огоҳлантиришларга қарамай, кеча 350 минг киши ёппасига сувга тушди.
Россия эса эпидемиологик вазият олдинги пандемия тўлқинидан ҳам хавотирли тус олишидан ташвишда. Мисол учун, кеча мамлакатда қарийб 29 минг кишида коронавирус инфекцияси аниқланган. Мутахассислар 1 февралга қадар касалланиш кўрсаткичлари 65 мингга етиши мумкин, деб прогноз қилишмоқда.
Хитойда келгуси ойда 4 йилликнинг муҳим тадбири — қишки Олимпиада ўйинлари ўтказилиши керак. Лекин карантин чоралари қанчалик кучайтирилмасин, мамлакатда мусобақага 18 кун қолганида илк “омикрон” ҳолати рўйхатга олинди.
Японияда эса коронавируснинг ушбу мутациясини юқтирган беморлар орасида биринчи ўлим ҳолати қайд этилди.
Америкалик олимлар ана шундай мураккаб вазиятда, яъни “омикрон” штаммининг тез суръатларда тарқалиши оқибатида коронавируснинг янги мутациялари пайдо бўлиши мумкин, деган хулосани айтишди. Шу сабабли улар эмланиш, айниқса қўшимча дозада вакцина олиш энг самарали ва тўғри чора эканлигини таъкидлашмоқда.