Ижтимоий тармоқларда катта бир тадбиркорнинг меҳрибонлик уйидан 9 болани асраб олгани хақида хабарлар яшин тезлигида тарқалди.
Отасига раҳмат, кўп ва хўб яхши иш қилибди.
Бобурийзода маликаларда жуда машҳур бир анъана бўлгани ҳақида тарих китобларида ўқиганмиз. Яъни, бу маликалар ўз ҳаётлари мобайнида ҳинд юртида зору ночор оилаларда яшайдиган 500 нафардан қизга ўзлари куёв топиб, сепи билан, иззати билан узатган эканлар.
Бугун ҳам дунёда подишоҳлар камми? Уларнинг рафиқалари, оилалари, ўғил-қиз ва куёвлари учун кўп ибратли мисол.
Лекин, ҳамма нарсада меъёр бўлгани дуруст. Ҳатто, меҳрда ҳам.
Ҳеч йўқ, бундай хабарларни кўпам оммалаштирмаган маъқул.
Касбимиз тақозоси билан, бир пайтлар меҳрибонлик уйлари фаолиятини яқиндан ўрганишимизга тўғри келган. Газетамизда ўша ўрганишлар маҳсули бўлган таҳлилий мақола ҳам эълон қилинган эди.
Ўшанда ота-онаси ҳаёт, соппа-соғ бўла туриб, болалар уйида яшаётган ўғил-қизларнинг кўплигидан ҳайратга тушганман. Дам олиш кунлари ота-оналар ҳеч нимадан тап тортмай, бехижолат дилбандларининг олдига келиб, бир-икки соат гаплашиб кетишарди.
Манзара баъзан шундай бўлардики, уни кўриб, тош юраклар ҳам эзиларди. Қаранг, бола меҳрибонлик уйининг этагида, ота ёки она ундан бир қадамгина нарида туриб суҳбатлашишар, фақат… ораларини баланд ва мустаҳкам қилиб ўрнатилган темир панжара ажратиб турарди, холос. Боласи билан хайрлашаётиб, уни етимхона панжарасининг нариги томонидан туриб бағрига босишни тасаввур қилиб кўринг…
Шунда англаганманки, меҳрибонлик уйларидаги шарт-шароит, имконият, муҳит эҳтиёжмандлик, чорасизлик кўчасига кириб қолган айрим оилаларни қўя туринг, унча бунча даромади етарли оилалардагидан ҳам яхшироқ экан. Ва айрим ота-оналар онгли равишда қарор қилиб, болаларини шу мурувват ошиёнига ташлаб кетишар экан.
Болам шу ерда туратурса, ҳар холда усти бут, қорни тўқ бўлади. Давлат бир амаллаб ўқитиб, ҳунарлик ҳам қилади, омади чопса икки-уч хонали уйли ҳам бўлволади, дейдиган ота-оналар бор. Анча кўп.
Тадбиркор акамизнинг ҳиммати ва бундай хабарларнинг кенг ёйинланиши фарзанд туққан ва туғдирганлар орасида бундай фикрга келувчилар сафини чандон орттиради, назаримда.
Нима бўлган тақдирда ҳам, чорасизлик чорраҳасида йўл томолмай иккиланиб турган оилалар кўп. Улар учун фарзандининг келажагини ўйлаб, дилбандини меҳрибонлик уйига етаклаб бориш энг яхши ечим бўлиб қолмаслиги керак. Шекспир айтгандек, шудир масала!