Охирги йилларда экранларда хориж сериаллари ўрнини ўзбек сериаллари эгаллади. Деярли барча телеканалда чет эл сериалини эфирга узатиш тўхтатилди. Давлат каналлари қатори хусусий телеканалларда ҳам миллий сериалларни намойиш этиш анъанага айланди. Бу, албатта, қувонарли ҳолат. Лекин, танганинг иккинчи томонига қаралса…
Бугунги кунда бир марта ҳам кўришга арзимайдиган айрим бадиий фильмларда кўтарилган бачкана, маиший мавзулар: қашшоқ йигит бойнинг қизини севиб қолиши, қайнона-келин, овсинлар можаролари, фарзандсизлик, фахш, хиёнат, ака-уканинг мерос талашиб, бир-бири билан қирпичоқ бўлиши каби сийқа мавзулар кўпиртирилган, бўрттирилган ҳолда кўрсатилмоқда.
Шиширилган лаб, улама киприк ва кучли пардоз қилинган актрисалар камбағал, қийналган, мардикор, маҳкума аёллар ролини ўйнаши ҳам ғалати. Бугунги замон томошабини бунга ишонмайди.
Бир қанча актёрлар бир қатор сериалларда кўриниш беряпти. Шунинг учун оддий томошабин сериалларни ажратиб олишга қийналяпти. Биридаги келин иккинчисида қайнопа, иккинчисидаги қайнопа учинчисида турмушга чиқмаган ёш қиз, иккинчидаги қайнопанинг эри биринчисида келиннинг акаси, учинчидаги турмушга чиқмаган қизнинг отаси биринчидаги келиннинг акасининг қайнотаси.
Воқеалар эса таҳминан шундай: биринчисида эри хиёнат қилган келин эридан ажралиб, болаларини қийналиб катта қилган, охирида эр хор бўлган.
Иккинчисида ўша келин қайнопа, укаси ва келининг ҳаётини бузиш учун келинига туҳмат қиляпти, охирида қайнопанинг ўзи эри билан ажрашиб кетти. Ука ва келин бахтли.
Учинчисида, турмушга чиқмаган қиз бой, йигит камбағал. Қизни ота- онаси камбағал йигитга беришга рози бўлмади-да, қизини ўртоғининг ўғлига узатди. У дадасининг ўртоғининг ўғли нашаванд, қизлар билан юргани учун қизнинг ҳаёти ўхшамай,уйига қайтади. Бу орада дадаси банкрот бўлгани учун қиз кафеда ишлаб юрганда камбағал йигит қиммат машинада хотини билан ўша ерга кириб келади.
Ҳаётий мавзулар деб, томошабинни қизиқтириш учун жинсий ва оилавий зўравонлик, фаҳш ва ваҳшийлик акс этган саҳналар кўпайиб кетмоқда. Натижада одамларда ҳаддан ташқари агрессия ҳосил бўляпти, томошабинларнинг кўзи шунга мослашиб, бундан-да ваҳший ёки даҳшатли манзараларни кўргиси келади, дийдаси қотади, диди саёзлашади ва ҳайратланиш туйғуси йўқолади.Бу сериалларни кўргандан кейин ҳаёт фақат қора ранглардан иборат, инсонлар бир-бирига ёв, ҳеч кимга ишонмаслик керак, деган хулоса пайдо бўлади.
Яна бир масала, фахш саҳналар шу қадар очиқ- ойдин кўрсатиляптики, натижада бу сериалларни оила даврасида ўтириб томоша қилиб бўлмайди. Арзи ҳол қилинса, ана, 16+, 18+ деб қўйганмиз деб масъулиятни ўзларидан ҳоли қилишади. Ҳолбуки, оила дастурхон атрофида йиғилиб, овқатланадиган, телевизор томоша қилинадиган прайм-таймларга «ўрнашиб» олишган. Нима, ёши етмаганлар бошқа хонага чиқиб турсинми?
Узоққа боришнинг кераги йўқ, бугун телеканалларимизни «ишғол» қилиб олган сериалларнинг аҳволига бир назар ташланг…
Кайнотага суйкалаётган келин, акасининг хотинига тегажоғлик қилиб юрган йигит, дўстининг аёлини ҳам йўлдан ураётган олчоқларни кўриб, қандай замонга келдим, дея бошингизни чангаллашингиз турган гап.
Мана шундай эътирозларга, муҳокамаларга сабаб бўлаётган сериалларнинг эфирга узатилишига жавобгар масъуллар нима иш билан шуғулланаяпти ўзи?
Ҳар бир телеканалда бадиий кенгаш бор, ҳар бир сериал эфирга узатилишдан аввал кенгаш рухсатини олиши керак. Кенгаш аъзоларининг иши шу, улар шу иши учун маош олади.
Бундай сериалларни эфирга беришдан олдин жамоада муҳокама қилиш керак эмасми? Кенгашда кимлар бор ўзи, нега улар бундай ҳолатларга бефарқ қараяпти? Ҳеч бўлмаса турк сериалларида қўйилаётган бижир-бижирлардан қўйинглар, барака топгурлар!
Шахруза Сатторова