Банкоматлар бозорининг кенгайиши ва рақобат банкоматдан нақд пул ечиш комиссияларини пасайиб боришига замин яратади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов Узага берган интервюсида маълум қилган.
«Мазкур ҳолатда коммиссиянинг юқорилиги жуда тўғри, яъни пластик картани нақд пулга айлантирганда 1 фоиз олинади. Айрим масалаларда электрон ҳамёнлар билан ишлайдиган бўлсак, икки-уч фоиздан олинади. Банк ўзининг мижозидан ҳам коммиссия олиш масаласи бўйича ишлаяпмиз. Ҳали ўзимиз кўзлаган натижага эришганимиз йўқ. Комиссияларни рақобат муҳитида шаклланишига шароит яратиб беришимиз керак. Бу бўйича банкларга қишлоқ жойларида банкоматлар сонини кескин кўпайтириш бўйича топширик бердим.
Нега ўзбек банкларида мижозлар ҳатто ўз банкининг картасидан ҳам пул ечишда комиссия мавжуд, ўйлаб кўрайлик.
Биринчидан, банклар аъзо бўлган процессинг марказлари комиссиялари мавжуд ва комиссиялар сезиларли даражада юқори. Уни бекор қилиш ёки пасайтириш банклар ихтиёрида эмас. Иккинчидан, ривожланган мамлакатларда нақд пулнинг манфий нархи бўлса, бизда унинг нархи мусбатлигича қолмоқда. Иқтисодиётимизнинг ҳозирги аҳволи, нақдсиз тўловлар инфратузилмаси, серхаражат инкассация, нақд пул фетишизми унга бўлган талабни юқори даражада қолаётганини белгиламоқда. Буни ҳам инкор этиб бўлмайди.
Учинчидан, ўзбек банклари банкомат бозорига охирги 3-4 йилда фаол киришни бошлади. Яъни бозорга киришнинг дастлабки харажатлари ривожланган ва банкомат бозори аллақачон шаклланган ҳудудларга нисбатан юқори. Банкоматлар сотиб олиш ва жойлаштириш ўзбек банклари асосий фонд харажатларининг энг сезиларли нуқтаси бўлиб қолмоқда.
Бу билан банкоматлардан нақд пул ечишнинг амалдаги комиссияларини оқламоқчи эмасман. Лекин ўзбек банкларининг очкўзлиги туфайли комиссиялар мавжуд, деган фикрдан йироқман.
Бозорнинг кенгайиши ва рақобат банкоматдан нақд пул ечиш комиссияларини пасайиб боришига замин яратади. Бунга вақт керак, лекин агар шошилиб бунга маъмурий таъсир кўрсатмоқчи бўлинса, зарарли натижаларга олиб келади. Энг асосийси, бозорда текин, бепул нарса бўлмайди. Регулятор банкоматдаги нақд пул таннархини 0,65 фоиз атрофида эканини маълум қилди (бу ўртача, айрим ҳудудларда таннарх 1 фоиздан зиёд).
Кимдир бунинг учун тўлаши керак. Масалан, сизнинг хоҳишларингиз учун регулятор эртагаёқ директив тарзда банкомат комиссияларини ноль қилдиришга кучи етади. Лекин бунинг оқибатида ёки банклар банкомат бизнесини тўхтатади ё банкомат харажатларини бошқа маҳсулот нархига қўшиб юборишга мажбур бўлади. Оқибатда барибир истеъмолчи тўлайди.
Эсланг, 2017 йилгача банкоматлардан нақд пул ечиш бепул эди, банкоматларда нақд пул бормиди ўшанда? Мен бунга ишонаман, яқин 2-3 йилда банкоматлар комиссияларини пасайишига ва ҳатто ўз банкининг банкоматидан бепул нақдлик ечишга етиб борамиз»,—дейди у.