“Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолияти чекланади” – Энергетика вазирлиги

Айни дамда АОКА ҳузурида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги мутасаддилари иштирокида брифинг бўлиб ўтмоқда.

Брифингда айтилишича, бугун соат 9:30 ҳолатига кўра, юртимизда 70 фоиз аҳоли электр энергияси билан таъминланди.
Истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида, ишлаб чиқарилаётган табиий газ тўлиқ ҳажмда ИЭС, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли истеъмолчиларига йўналтирилади.

Шу муносабат билан, бугундан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолиятига вақтинча чеклов қўйилади. Шу билан биргаликда, бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган юридик истеъмолчиларга ҳам табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилади.

АГТК станцияларида километрлаб чўзилиб кетган навбатлар, у ердаги фуқаролар ҳаёти-чи? Ҳайдовчилар машиналарини тўхтаган жойида шундоқ қолдириб кетишмоқда.

Кечаги ҳолат юз бермасдан олдин ҳам ёнилғи шахобчалари 16:00 дан сўнг ёпилаётганди, энергия узилиши натижасида шундан ҳам мосуво бўлинди. Нима дейишга ҳам ҳайронмиз.

Брифингда Ogoh.uz мухбири вазирлик вакилига савол билан мурожаат қилди:

– Кеча бўлган энергия муаммолари қўшни Қозоғистон, Қирғизистон давлатларида ҳам кузатилди, Қозоқ вакиллари буни Ўзбекистондаги муаммо оқибатида дейишса, ўзимизникилар Қозоғистонда бўлган туташув, дея баёнот беришди. Айтинг-чи, аслида ҳолат қандай бўлган?

– Айни вазиятда биз бир-биримизни айблашдан йироқмиз, учала давлатдан ҳам ишчи гуруҳлар тузилган, асосийси авария бартараф этилиб, сабаблари ҳам ўрганилмоқда. Бу бўйича ҳукумат комиссияси иш якунлангач жамоатчиликка батафсил маълумот ва ҳисоботларни тақдим этади.

Мазкур ҳолат ҳақида қўшимча маълумот берилади.