Бугунги электр узилиши давлатнинг нафақат хорижий можаролар, ҳатто оддий ички муаммо олдида ҳам қанчалар тайёр эмаслигини кўрсатиб берди.
Бутун республика бўйлаб йўлларда, овқатланиш шаҳобчаларида, савдо масканларида, АЁҚШларда, таълим муассасаларида, банк-молия тизимида, ахборот технологиялари марказларида, телевидение ва радиода, алоқа тизимида, соғлиқни сақлаш, коммунал хизматлар, таълим, маиший хизмат кўрсатиш ва ҳоказо жамики соҳаларга бу вазият жиддий талофат етказди.
Кечаги вазиятда ахборот бўлимлари, матбуот хизматлари маълумотларни тезкор етказиб беришда одатдагидан жонбозлик кўрсатишди. Бу, албатта, бирмунча ахборот истеъмолига бўлган эҳтиёжни қондирди.
Бундан ташқари, кўчаларда ҳаракатларни тартибга солиш учун ЙҲХ ходимлари жонбозлик кўрсатишди. Аммо…
Нега энди бизда заҳира қувватлари билан ишлайдиган светафорлар йўқ? Ахир, ҳар қандай табиий ёки техник вазиятда ҳам йўл ҳаракатини тартибга солиб туриш аҳоли хавфсизлиги учун ҳам, транспорт воситалари иштирокидаги ЙТҲлар бўлмаслиги учун ҳам ғоят зарур-ку?!
Бундан ташқари, мазкур вазиятда барчаси ягона электр тизимига боғлиқ эканлиги коммунал соҳани издан чиқарди. Бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари бўлган ичимлик суви, иситиш тизимлари, табиий газ кабиларнинг узилиб қолиши аҳоли орасида катта ваҳима қўзғади. Нега? Чунки, алоҳида бир чора-тадбирлар тизими йўқ!
Тошкентни чор Россияси аскарлари генерал Черняев бошчилигидаги босиб олишда аҳолини сувдан узиб қўйиб, қирқ кун қамал қилган эди. Бугун бизни «тавбамизга таянтириш» учун бирор «Чернияевзода» шунчаки электр тизимида носозлик келтириб чиқарса, шунинг ўзи етарли экан.
Коронавируснинг «omicron» штамми бутун республика бўйлаб панжасини ёйиб боряпти. Шу вазиятда жонлантириш бўлимидагилар, кислород етказиб бериш аппаратига уланган беморлар аҳволи ҳақида бирор маълумот, бугун ҳам, афсуски, йўқ. Фақатгина «операциялар учун қўшимча двигателлар бор»лиги ҳақида маълумот берилди, холос.
Бутун республика бўйлаб ишлаб чиқариш узилиб қолди. Конлар, фабрикалар, заводлар, ишлаб чиқариш цехлари – барча-барчаси фаолиятини мажбурий тарзда тўхтатишга мажбур бўлди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги масъуллари эса, ҳануз кўрилган зарарни, ҳаттоки тахминан бўлсин, ҳисоблаб бериша олмаяптилар. Ҳайтовур, компютерда калкулятор ишламай қолган, шекилли, чўтда «чўтлаш» оғирлик қилмоқда…
Кўрилган зарарларнинг ҳали ўрни чиқиб, сўроғи тушади. Аммо, бу сўроққа ким жавоб беради – ҳали ҳам номаълум. Лаққа балиқ ва кўрсичқонлардан сўнг айбдорлик навбати суварак ва каламушларга тушар, балки.
Ҳар нима бўлса ҳам, омон қолсак, бас. Чироқ ўчиши беш йил аввалги тарих эмаслигини эслаб олдик, холос.
Камолиддин Абдуазиз ўғли
Мавзуга оид: