ССВ: Онаси айиқнинг қафасига улоқтирган қизалоқ тиббиёт ходимлари назоратида

Куни кеча ижтимоий тармоқларда онаси айиқнинг қафасига ташлаб юборган қизча ҳақида хабарлар тарқалди. Бугун, 29 январь куни ССВ матбуот хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумот тақдим этди.

28 январь куни соат 14:30 ларда фуқаро З.Т. Тошкент ҳайвонот боғидаги айиқ қафаси олдига 2018 йилда туғилган З.А. билан биргаликда келиб, уни қасддан ўлдириш мақсадида қафаснинг томошабинлар учун мўлжалланган жойдан, юқори баландликда З.А.ни бир неча дақиқа ушлаб туриб, қафасга ташлаб юборган.

Натижада З.А. олган ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган ва кўрсатилган шошилинч тиббий ёрдам натижасида ҳаёти сақлаб қолинган.

Айиқ қизалоққа зарар етказмаган. Ҳайвонот боғи ходимлари айиқни ички хонага олиб киришга муваффақ бўлишган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қизалоқнинг ҳолати бўйича қуйидагиларни маълум қилади:

2018 йилда туғилган қизалоққа дастлаб ҳайвонот боғи ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатади. Шундан сўнг тез ёрдам машинасида соат 13:30 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.

Қизча шифохонада барча зарур тиббий кўриклардан зудлик билан ўтказилган.

У енгил шок ҳолатида бўлган, баландликдан йиқилиш оқибатида очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши кузатилган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши, тиббиёт ходимлари назоратида.