Ланди-ланди, «UzAuto Motors»да ўйин бошланди!

Яқинда UzAuto Motors компанияси пандемияга оид чекловлар сабаб Cobalt русумли машиналари автомагнитола ҳамда ўриндиқларни иситиш тизимисиз ишлаб чиқарилишини маълум қилган эди.

Буни қарангки, бу биринчи ҳолат эмас. Аввалроқ, ўтган йилнинг декабрида ҳам завод 12 кунда (5-17-декабр) ишлаб чиқарилган Nexia, Cobalt ва Lacetti машиналарини заводга “чақириб олиш”ни эълон қилганди. Сабаб қилиб эса, орқа ойна иситиш тизими созлигини текшириш зарурати кўрсатилганди.

Шу билан бир вақтда UzAuto Motors 2022 йилнинг февралигача тўрт турдаги машиналар хариди учун аризаларни қабул қилишни тўхтатди. Бунга эса, “октябр, ноябр, декабр ойларида тузилган шартномаларни бекам-у кўст бажариш” истаги кўрсатилган эди.

Ўз ўрнида, фақатгина “GM сертификатли яримўътказгичлар муаммоси” мавжудлиги ўлароқ шартнома қилиш тўхтатилганмикан? Балки, ундай эмасдир? Яна ҳам асослироқ сабаблари бордир.

Дейлик, нарх-навони янада ошириш.

Нима истеъмолда кам бўлса, унинг қиймати юқори бўлади. Ҳатто, қимматбаҳо металлар ҳам кўп бўлганида эди, биз уларни бугунги қийматида баҳоламасдик.

Шундай экан, сунъий тақчилликни яратиш ҳам автомобил нархларини кескин ошишига сабаб бўлади. Айниқса, ягона ишлаб чиқарувчи сифатида монопол характерга эга компанияда.

Бу ҳолат, ҳеч шубҳасиз, оддий халқнинг норозилигини келтириб чиқаради. Хавотир олиш шарт эмас, бундай вазият кўп бор бошдан ўтказилган – яхшими-ёмонми эгнидаги якка чопонини кияди фақир.

“Чопон эгаси” UzAuto Motors эса, албатта яқин кунларда, (эҳтимол эртагаёқ ёки бир ойда) автомобиллар нархини яна оширади! Сабаблар эса… Буёғи ўзбекона – ишидан баҳонаси баланд келаверади.

Бизнинг ишимиз кўрсатиш. Натижасини эса, ҳаттоки, суд билан ҳам, кўрсатиб бўлмайди, шекилли.

Умид қиламизки, бизда одил судлов амалга оширилишига шубҳа қилмаслигимиз шубҳа остида қолмайди. UzAuto Motors’га эса, айтишга сўз қолмаган…