Фарзандлар — келажагимиз қурувчисидир, айиқлар емиши эмас

Инсоният ўз келажагини фарзандлари орқали кўради. Бу табиат қонуни. Фақат одам эмас, ер юзидаги жамики махлуқот-у ўсимликларнинг ҳам узлуксиз давом этадиган анъанаси бу. Агар шу анъана бўлмаганида эди, дунёда ҳеч нарса қолмасди.

Дейлик, инсондан бирор зурриёд қолмаса, унинг эртасидан ном-нишон бўлмайди — қарийди ва ўлиб оламни тарк этади. Ҳайвонот оламида ҳам шундай бора-бора ўз-ўзидан қирилиб кетади. Қарабсизки, бирор жонзот йўқ. Қандай даҳшатли ҳодиса. Буни тасаввур қилишнинг ўзи бир қўрқинч.

Яқиндагина эса, бир хабар тарқаб, ҳаммани ларзага солди. Унинг мазмуни қисқача шундай:  ҳайвонот боғига борган она ҳамманинг кўз ўнгида ўз фарзанди, 3 яшар қизалоғини ҳеч иккиланишсиз айиқ сақланадиган чуқурлиги 5 метр бўлган қафас  (волер)га ташлаб юборади.

Тасаввур қилинг-а беш метр тепаликдан биз катталар бехосдан тушиб кетсак, ҳолимиз қандай бўларди? Омадимиз келса, бирор жойимиз шилинар, шишар, аммо суякларимиз синиши ҳам мумкин, катта эҳтимол билан. Мабодо, ножўя тушиб қолсак, ўлиб кетишимиз ҳам мумкин. Унинг устига айиқ билан битта қафасдасиз. Қўрқувдан юрак ёрилиши ҳам ҳеч гап эмас.

Айиқлар табиатан йиртқич ҳисобланади. Қўнғир айиқлар аралаш овқатланади. Яъни у ўсимликни ҳам, гўштни ҳам паққос тушириб қўяверади. Очиқ табиатда, агар оч бўлмаса, одатда, одамга ҳужум қилмайди. Мободо оч айиққа дуч келиб қолсангиз… бу ёғини ўзингиз биласиз.

Ҳа, айтганча, кекса айиқлар ўлжа танламайди. Қорни оч-тўқлигига ҳам қарамайди. Озуқа ғамлаб қўйишга уринади. Ҳарна-да, ҳарна. Қария ёшлигида кўп оч қолган бўлиши мумкин-да, шунинг учун у ҳеч нимани ажратмайди.

Хайриятки, қафасга ташланган қизалоқни айиқ келиб бир ҳидлаб кўриб, тегмасдан нари кетибди.
Ўша она қандай бағритош одамки, бу ишни қилди? Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги баёнотига кўра, аёл турмуш ўртоғининг Россияда эканлиги сабабли руҳий тушкунликка тушиб қолган. Бошқа маълумотларда у руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида рўйхатда бўлгани ҳақида айтилди.

Бугун Бош прокуратуранинг маълумоти билан аёл 2021-йилнинг июл ойидан бери руҳий асаб касалликлари диспансерида рўйхатда тургани тасдиқланди ҳам.

Хўп, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг маълумотига таяндик ҳам дейлик. Шу пайтгача қайси она эри чет элдалиги учун ўз фарзандига қасд қилди? Умр йўлдоши оламдан ўтиб, бева қолган аёллар ҳам бор. Нимага шу пайтгача ундай воқеа содир бўлмади? Вазият шуни кўрсатадики, кейинги маълумот ҳақиқатлиги аниқ.

Бунинг устига, у аёл олий таълим муассаларида ўқитувчи эканлиги айтилди. Руҳий хасталиги бўлган одам қанақасига талабаларга дарс бериши мумкин? Буни муассаса маъмурияти нега инобатга олмаган? Балки, ходим ўқитувчи сифатида ишга қабул қилинаётганда бу касаллик ҳақида маълумот бўлмагандир, аммо ўша касаллик рўйхатига тушгандан кейин билмаганми? Хасталик ўзини унчалик яшириб юрадиганларидан эмас, у албатта ўзини намоён қилгани аниқ. Наҳотки, сезишмаган? Бу жумбоқ ҳам ўз ечимини ечилишини кутиб тургандир эҳтимол!

Аммо, аёлнинг фарзандларининг кейинги тақдири қандай бўлади? Бундай вазиятда, қонун нормаларига кўра, ўша аёл оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ва болалари васийлик ва ҳомийлик органларига топширилиши зарур. Негаки, руҳий касаллиги бор бемор ушбу ишни қайта қилмаслигига ҳеч қандай кафиллик йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Кимдир мен кафилман, деб чиқса ҳам, буткул у онага ишониб бўлмайди.
 

Достонбек Бахтиёрзода