Журналист нигоҳи: Барчаси Фирдавс Абдухолиқов режаси бўйича кетяпти

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Фирдавс Абдухолиқов ҳамда манфаатлар тўқнашуви, ЎзЭОАВМА бошқаруви раислигидан кетгани ҳақвида батафсил мақола эълон қилди.

Кино вазири Фирдавс Абдухолиқов 20 январь куни рафиқаси, қизи ва ўғли эгалик қиладиган “Севимли” хусусий телеканали кузатув кенгаши раиси этиб тайинланди. Кино вазирлиги хусусий телеканалларга сериал олиш учун давлат пулидан бериб туради, шу боис: “Окагинам шу жойида очиқчасига манфаатлар тўқнашувига йўл қўйвормадилармикин?”, қабилида навбатчи, лекин одатда эътиборсиз қолдириладиган (ахир фақат эринмаганларгина манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаяпти ҳозир) зерикарли савол янгради.

Не ажабки, бу сафар савол эътиборсиз қолдирилмади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳали ҳам тугатилмаганини эслатиб, 21 январь, жума куни кутилмаганда шу ҳолат бўйича ўрганиш бошлаганини эълон қилди. Бу агентлик шу вақтгача нечта шов-шувли ишни ўргана бошлагану, сиз улардан нечтасининг якуни ҳақида эшитгансиз? Бу сафар ҳам шундай бўлади деб кутганди кўпчилик.

Не ажабки, агентлик ҳали нафақат тугатилмаганини, балки ва ниҳоят ишлашни ҳам бошлаб юборганини кўрсатиб, рекорд даражада қисқа вақт — уч кун ўтиб (афтидан, шанбани шанба, якшанбани якшанба демай ишлаган шоввозлар), 24 январь куни манфаатлар тўқнашуви ҳолати тасдиқлангани ва Абдухолиқов бўйича тўпланган маълумотлар Бош прокуратурага юборилганини эълон қилди.

Бош прокуратурага нафақат қанақадир Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, балки ундан каттароқ органлар ҳам озмунча иш юборади дейсизми. Қанчасини қайта ўрганиш керак, қанчасининг қўшимча аниқлаштирадиган, сўраб-суриштирадиган жойлари бор. Бош прокуратура биттагина-ку, қачон улгуради ҳаммасига, э!.. деб ўйлагандирсиз сиз ҳам, ҳар доимгидек?

Не ажабки, Бош прокуратура Фирдавс Абдухолиқовга доир бу маълумотлар келишини худди 2003 йилдан бери кутиб тургандек, 25 январь куни маъмурий иш очиб, ишни жиноят ишлари бўйича (ий?) Чилонзор туман судига оширибди. Биринчи суд мажлиси 27 январда бўлибди ва унда кино вазири Фирдавс Абдухолиқовнинг шахсан ўзи қатнашиб (!), кўрсатма берибди. Замонасининг тезкорлигини-чи — телеканал кузатув кенгаши раислигидан суддаги жавобгарнинг курсисигача атиги бир ҳафта.

Ҳозирги кунда хато қилган, айниқса, мана шунақа “манфаатлар тўқнашуви”га йўл қўйган амалдор камми? Лекин, қаранг, шунақа қилса ҳам бўларкан — битта хатосини ушлаб олиб (ваҳоланки, бунақанги хато ҳам биринчи марта қилинмаётгандир), унча-мунча амалдор эмас, нақ вазирни намойишкорона сазойи қилиш мумкин экан (“кино вазири-ку, бу ҳам бир кино-да энди”, десангиз ҳам, ким билсин, балки ҳақсиз).

Хўп, унда, дейлик, нега қурилиш вазирига нисбатан шундай қилинмайди? Ахир Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг раҳбари ўтган апрелда айтмаганмиди, вазир ва “Трест-12” ўртасидаги яқин муносабатларга доир ҳолатда манфаатлар тўқнашуви ҳали ўрганишлар тугамай туриб тасдиқланганини? Тугаганми ўзи бу ўрганиш? Қачон? Қачондир тугайдими?

Ёки нега ҳар қадами, ҳар қарори манфаатлар тўқнашувидек кўринадиган энг машҳур ҳокими мутлаққа нисбатан шундай қилинмайди, масалан? ОАВда ёзишларича, ҳокимликка бир аёл совға қилган гибрид ҳам аслида ҳокимнинг ўзиники экан — нега Коррупцияга қарши курашиш агентлиги шуни ўрганмайди, “энди, миллий қонунчилигимизда шундай пробеллар ҳам бор-да”, деб гапни олиб қочади? Ўзи қанақа “пробел” йўқ бу миллий қонунчилигимизда?

Шу вақтгача бундан катта баҳоналар бўлганида шунча сўралса ҳам қўйилмаган бундай “кино” нега энди қўйиляпти? Қанақадир ҳисоб-китоб, “ақлни киритиб қўйиш” дарсими бу? Ҳар доимгидек “уй”да гаплашиб олинса бўлмасмиди? 8 млн сўмлик жарима солиниши мумкинлигини билдириб, одамларнинг баттар энсасини қотиришга на ҳожат? Ёки жазо муқаррарлигини кўрсатишмоқчими? Бу, бўлса ҳам, “Хўрланган жазо муқаррарлиги” — ундан ортиғи эмас. Афсуски.

Дарвоқе, кеча, 1 февраль куни, Фирдавс Абдухолиқов “ўз боласи” — ЎзЭОАВМА бошқаруви раислигидан, хабар беришларича , “ўзи сўраб” бўшабди (бу лавозимда унинг ўрнини ким эгаллаганини шу постимга лайк қўйсангиз айтаман) — Абдухолиқов 2003 йилдан, шу ассоциация тузилганидан бери унинг раҳбари эди (ўринсиз хатти-ҳаракатлар учун тўланаётган ҳақиқий “жарима” шу бўлса не ажаб — бунинг баҳоси нечта 8 миллионга тенг эканини фақат ўзлари билишади).

Мавзуга оид: