Бугун, 2 февраль куни Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали расмий каналида Қурилиш вазирлигининг марказий аппаратидаги вакант лавозимлар учун очиқ мустақил танлов эълон қилинди.
Ушбу рўйхатда Матбуот котиби — вазирнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ҳам бўш иш ўрни сифатида кўрсатилган ва талабгор номзодлардан ҳужжатлар 2022 йил 2 февралдан 11 февралгача қабул қилиниши айтилган.
Талабгорлар аллақачон ўз ҳужжатларини тақдим этишни бошлашди. Бироқ…
Қизиқ жиҳати шундаки, кеча, 1 февраль куни Қурилиш вазирлиги айнан ушбу лавозимга янги тайинлов амалга оширилганини эълон қилганди. Яъни Матбуот котиби тайинланиб бўлган. Хўш, одатда шунақаси ҳам бўлиб турадими? Буни қандай тушуниш мумкин? Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Вазирлик тайинловидан бехабарми? Ғалати эмасми?! Энди бугунги эълон бўйича янги талабгорларнинг ҳужжатлари рад этиладими? Уларга нима деб асос келтирилади?