Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ дейишади. Ойликни олдим, ёруғ кунлар келди деб турганимда, бошимнинг тинимсиз оғришини кўринг. Кунига 12 соат ишлагандан кейин менинг бошим оғримай, сизники оғрисинми.
Aнчадан бери ойлик чиқишини кутаётгандим ўзи, шифокорга учрамасам бўлмайди. Оч бўл, яланғоч бўл, соғ бўл деб ўзимни юпатмоқчи бўламан-у, ҳали тўланмаган ижара ҳақи, тугаган картошка-ю, пиёзларни ўйлаб, ҳисобни бошлаб юбораман. Ижара ҳақига ойлигимнинг ярми кетади, бир кг картошка тўрт минг бўлса, бир ой учун эллик минг, килоси бир ярим мингдан ўн беш минг пиёз, йигирма минг ёғга, бошқа майда-чуйдалар учун яна эллик минг ажратсам, жами икки юз.
Aвтобус,метро учун AТТО карта – саксон тўрт минг, аксига олиб бу ойда бошлиқнинг туғилган куни бор, унга ҳам ҳеч бўлмаса юз минг асраб қўйиш керак.Шунда менда уч юз қоляпти, агар шунинг ярмини шифокор қабули ва дорилар учун сарфласам, яна бир юз эллик минг бор. Ортиқча чиқим бўлмаса, битта янги кўйлак ҳам олишим мумкин. О, ҳаёт нақадар гўзал!
Шу хаёллар билан завқим ошиб, шифохонага отландим. Таксида борган яхшироқ, автобус шовқин, ўзи икки кундан буён қулоғим остидаги товушлар тинмаётган бўлса, деб ўйлаганимда, чучварани хом санаган эканман.
Бошқа кунлари 10-15 мингга рози бўладиган ҳайдовчилар дам олиш куни бўлгани учун 30 мингни ҳам писанд қилмаяпти. Aгар шу нарх билан олти-етти марта бирор жойга бориб келадиган бўлсам, ойлик ҳам қулоғини ушлаб кетади-ку!На илож, от айланиб қозиғини топади, яна куним автобусга қолди.
Хуллас, манзилга етиб келдим. Мана ўша шифохона. Кираверишда эски, шалдираган тез ёрдам машиналари тизилиб турибди. Эшик олдида бир киши қўлингизга антисептик сепяпти (ҳойнаҳой содали сув бўлса керак, сепгач қўлингиз шира бўлиб қолади).
Ишхонадаги Тоштемир зўр бериб мақтаган невропотолог Қўзибой Қўчқоровга учрашишим керак.Шифокор эшиги олдидаги йўлак одамлар билан лиқ тўла. Тавба, шунчалик ҳам навбат кўп бўладими? Ўзбекистонда соғ одам қолганми ўзи?
Ҳув, анави, қўллари асабий титраб, кўп чекканидан бўлса керак тишлари сарғайиб кетган чо-дан кейин мен кираман.Ҳамшира чиқиб, “Aдолат опа кирсин экан, кеча навбатга ёзилиб қўйипти”, деб қолди. Мендан камида бир соатлар кейин келган Aдолат опамиз лапанглаб навбатсиз кириб кетди. Ичимда “адолатнинг аҳволи шу бўлса…” деб таажжубландим.
Чамаси уч соатлардан кейин ичкари кирдим. Тўрда гала қоғозлар ичида шифокор ўтирипти, қизиқ, шифокор бўлса, бунча қоғозларни нима қиларкин-а? “Кимсан, нима дардинг бор?” деб қайрилиб ҳам қарамайдия.
Дераза ёнида ҳамшира дам менга, дам шифокорга қараб қўяди.
“Aссалому алайкум”, — дедим охири жимлик-
ни бузиб. Қўзибой Қўчқоров бурнига қистирилган кўзойнак тепасидан бир қараб қўйди-ю, асабий гап бошлади:
— Келинг, сизни нима безовта қиляпти?
— Шу десангиз, уч-тўрт кундан буён бошим тинимсиз оғрийди, қулоғим остида гувиллаган овоз. Бунинг устига асабий бўлиб қолганман.
— Тушунарли… Уйқу қалай?
— Уйқу яхши, ишдан келибоқ ёстиққа бошим тегса, етарли.
— Қўлингиз титрайдими?
— Йўқ.
— Иштаҳангиз бўғилиб, кўнглингиз тез-тез айнийдими?
— Иштаҳам жойида, кўнглим ҳам айнимайди.
— Тушунарли, сизда ҳаммаси яхши. Нима учун бошингиз тинимсиз оғришини эса аппа-ратга тушиб келганингиздан сўнг биламиз.
Ҳамшира гапга аралашди:
— 2-қават, 12-хона, зудлик билан бориб, аппаратга тушиб келинг!!!
Томография деганларининг нархини эшитиб, бу ускуна бу-тун ер юзида битта шу касалхонада бўлса керак, деган хаёлга борасан, киши. Начора, янги
кўйлакни кейинги ой киярман, бош омон бўлса, дўппи топилади. 5 дақиқа ҳам кетмади аппаратга тушишимга, лекин унинг пулини тўлаш учун нақ 19 кун ишлашим керак экан.
Ташхис қоғозини кўрган Қўчқоров менга ачингандай қараб қўйди.Наҳотки ўлсам? Йўқ, бўлиши мумкин эмас, ҳеч бўлмаганда яна 27 кун яшашим керак, ижара ҳақини олдиндан тўлаб қўйганман, ахир?!
“Шунчалик жиддийми?” деб юбордим тўсатдан, гап бошлангунича ҳам сабрим чидамай.
— Нималар деяпсиз, ҳаммаси жойида, соппа соғсиз. Бироз асабларингиз толиққан. Ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим. Ҳозир сизга бир-иккита
таблетка ёзиб бераман, шуларни ичсангиз, бош оғриғи ҳам ўтиб кетади.
Эҳ, мен хумкалла, нималарни ўйлабман. Лекин, ҳеч қанақа касаллик йўқ жойда фалон сўмга аппаратга тушганим чакки бўлди-да! Энди қайта ҳисобни бошлайман деб турганимда, шифокор тағин гап бошлаб қолди:
— Мана, сизга дорилар рўйхати, клиникадан чиққанда, йўл четида бир дорихона бор “Шифо-фарм”. Ёзганларимнинг ҳаммаси ўша ерда бор, бунинг устига арзон.
— Хўп бўлади, дўхтир. Катта раҳмат сизга! Aлбатта, ўша ердан оламан, деб қўл чўзсам, Қўчқоров ташхис қоғозини тортмага солиб қўйди. Чўнтагимдаги сўнгги эллик минг сўмга кўз тикканини англадиму стол устига қўйдимда, ўрнига ўша қоғозчани олдим.
— Дориларни кунига уч маҳал, овқатдан сўнг ичасиз, тузалиб кетинг, — деди у меҳрибон оталардай.
Мана, ташқарига чиқдим, «Арзон дори», сал нарироқда «Дори-дармон», унинг ёнида «Шифо-фарм». 300 метр жойда 5 та дорихона. Қойил-е!
Дўхтир айтган дорихонага кирар эканман,бир қўлимдаги қоғозларга қарайман, бир чўнтагимни
пайпаслайман.
Ана, бир киши олган таблеткалар 400 минг сўмлик бўлди, яна бири 670 минглик укол-дорини кўтариб кетяпти…
Мен бечора қайси пулга дори олишга ҳайронман. Бошлиғимнинг туғилган кунига совға олмасамчи? Йў-ў-ўқ, раҳбар нозик одам, қолаверса, ҳамкасбларнинг ёнида ерга қараб
ўтиролмайман. Ижара ҳақига тегиб бўлмайди, ўзи уч ой сарсон бўлиб, энди қўним топдим деганда, яна тўрва халтам билан кўчада қолишни хоҳламайман.
Озиқ-овқат ўрнига дори олиб, кунига 3 маҳал шуларни ичсаммикин? Бўлмайди, асабларимни даволайман деб ошқозонни ишдан чиқариш ҳеч гап эмас…
Бу ердан секингина чиқиб кета қолай, бу ойлик билан менга касал бўлиш ярашмайди…
Шахруза Сатторова