Хабарингиз бор, бугун давлат раҳбари томонидан «Хавфсиз ва равон йўл» тамойили ва унинг ижросига оид видеоселектор бўлиб ўтди. Видеоселектор давомида қатор масалалар кўриб чиқилди. Шулардан бири — «Ўзавтойўлбелги» монополиясининг тугатилишидир.
Видеоселектор давомида президент транспорт серқатнов бўлган 2000 дан ортиқ чорраҳа ва 9500 та пиёда ўтиш жойлари светофор ёки бошқа воситалар билан жиҳозланмаганини танқид қилди.
Республика йўллари бўйлаб светафор, ёритгичлар ўрнатиш, йўл белгиларини ҳамда чизиқларини чизиш, пиёда ўтиш жойларини белгилаш билан шуғулланувчи «Ўзавтойўлбелги» ваколатлари ана энди Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматларига ўтказилади.
Албатта, монополия тугатилгани, рақобат муҳити шакллангани халқ учун яхши. Аммо, бир чўнтакдан бошқа чўнтакка ўтадиган жараённи халққа қандай нафи бор? Ё бўлмасам, турли ЙТҲлардан боши чиқмайдиган ЙҲХБлари қўшимча масъулият юкланса, ўзида учрамайдиган масъулиятни йўқдан йўндирармикан?!
Биздаги монополия юнон афсоналаридаги Геракл ва Лерней аждари курашига ўхшайди: бир бошни кесишинг билан янги бир боши ўсиб чиқади — икки баробар бўлиб. Ўрнини ўт билан куйдирмаса, бошни узишнинг ўзи бефойда.
Яна бир қизиқ жиҳатига эътибор қаратиш ўринли менимча: автомобил бошқаруви учун ўқитиш ҳам, уни имтиҳон қилиш ҳам ўзининг «қудрати олия»сида бўлган Комил Алламжанов шахси қайсики ўринда ўзига зарар тегиши мумкин бўлса, «ҳимоя қалқони» этиб турли баёнотлар билан чиқиши одатий тусга тушиб қолган бўлсада, шу сафарда «яхши ўқимаган ҳайдовчилар ЙТҲ содир этади» деб «ўз думини ўзи босиб қўйди.» Албатта, давлат раҳбари сўзлаган масалани сўзлаш яхши, аммо ақл ишлатиш ҳар ўринда фойдали бўладиган юмуш эди.
Нима бўлган тақдирда ҳам, аҳвол ўзгармайдиган бўлса, Али урди нима, Вали урди нима, оғиз-бурун барибир қон — фарқсиз бўлиб қолаверади.