Ўзининг диний қарашлари ва миллатпарастлиги ҳамда Путин ҳукуматига садоқати билан алоҳида танилган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Зеленский ва украин халқига мурожаат қилди.
Ушбу мурожаат расмий муносабатдан кўра кўпроқ шахсий қарашларга ўхшаб кетса ҳам, унда «руслашишга чорлов» борлиги эътироф этилмоқда.
Жумладан, ундаги «Мен Украинани ва унинг меҳрибон халқини яхши кўраман. Мактабдаёқ тинглаган СССР тарихи дарсларидан шуни биламанки, рус давлатчилиги ва православлигининг бешиги Киев Русидир. Руслар ва украинлар бир славяндир: умумий тарих, маданият ва динга эга одамлар» қабилидаги гаплар умумбирликка чорловчи характерга эга.
— Мен украиналиклар ўзларини «Ғарб дунёси» деб аталмиш барча таназзулга учраган «қадриятлари» ва русофобик истерия билан бир қисми деб ҳисоблашларига ҳеч қачон ишонмайман, — деган Чеченистон раҳбари.
Р. Қодиров ўз фикрини айтишда давом этаркан, «қалбимнинг туб-тубида менда бу тарихий адолат қайта тикланади, деган умид бор. Украина халқининг ўзи ҳеч кимнинг ёрдамисиз буюк Богдан Хмелнитский ва зўр ёзувчи Николай Гоголнинг маънавий ва тарихий меросхўрлари қардош Россия билан абадий тинчлик ўрнатишни хоҳламаслиги мумкин эмас!» дейди.
Кўриниб турибдики, Қодиров Украинага «очиқ муҳаббат»ини Россия билан дўстона яшаш таклифига қўшиб узатмоқда.
Ҳали расмий Киев бу ҳақда муносабат билдирмади.