Белорус президентининг «лиқилдоқ стули устида» Ўзбекистоннинг Россия атрофида бирлашуви ҳақда айтган гапларига Абдували Сойибназаров муносабат билдирди. Қуйида ушбу муносабатни эътиборингизга ҳавола этамиз
Яқинда Беларус президентининг собиқ совет республикалари Россия ва Беларус иттифоқи атрофида бирлашади, аммо суверенитетларини сақлаб қолади, қабилида берган интервьюси ижтимоий тармоқларда катта акс-садо берди.
7 февраль куни эълон қилинган ушбу интервьюда Лукашенко 1999 йилда Россия ва Беларус иштирокида тузилган Иттифоқ давлати собиқ совет республикалари ҳисобига кенгайиши мумкинлигини айтган. «Беларус аллақачон шу ерда. Менимча, Қозоғистон учун яхши дарс бўлди. Агар келгуси 15 йилда деб оладиган бўлсак, ишончим комил, биз хатога йўл қўймасак, Украина ҳам шу ерда бўлади», – деган Лукашенко. У Арманистон «ҳеч қаерга бора олмаслиги» сабаб иттифоққа қўшилишини тахмин қилади. Шунингдек, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам иқтисодий зарурат туфайли иттифоққа қўшилиши ҳақида гапиради.
Очиғини айтганда, Лукашенконинг гаплари — суверен давлатларга нисбатан ҳурматсизлик. Ҳар бир халқ ёки давлат номидан гапирадиган унинг сайланган Президенти ёки раҳбари бор. Шу маънода, буни ўринсиз, популистик баёнот сифатида баҳолаш мумкин. Бироқ, собиқ иттифоқ тикланишини қўмсаётган кучлар турли йўллар билан ўз ғояларини тарғиб қила бошлагани ҳам бор гап. Мана шундай вазиятда Лукашенконинг сиёсий «прогноз»лари тасодиф эмасдек.
Воқеалар ривожини кузатар эканмиз, қатор оммавий ахборот воситалари, хусусан, ижтимоий тармоқларда Совет даврини қўмсаш ва шундай ғояларни одамлар онгига сингдириш учун махсус гуруҳлар ташкил этилгандек кўринади. Албатта, энг кучли қурол бу ҳозирча телевидение. Соловев ва Киселевга ўхшаганлар орқа-олдига қарамасдан ташвиқот ёйиш билан банд. Улар микрофон тутган сиёсатчилар эса андишасизлик билан мустақил давлатларни турли сиёсий тузилмаларга тортишга қаратилган чақириқларни баралла айтишяпти.
Беларуснинг Россия билан иттифоқи — уларнинг ички иши. Агар, бу мамлакатлар халқлари истаса, иттифоқ тузишсин. Бирлашишни хоҳлашса, бирлашсин. Биз бошқа давлатларнинг ички ишларига, хоҳиш-истакларига қарши чиқмаймиз. Аммо бугун ҳар бир мустақил мамлакат ўз тарихи, ўз хусусиятлари, ўз ривожланиш йўли борлигини англаб етган ва келажакда жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашни истамоқда. Ўзбекистон ҳам шундай. Мамлакатимиз турли интеграцион лойиҳаларда қатнашиши табиий. Бироқ бу унинг суверенитетини чекламаслиги керак. Мазкур талаб Ўзбекистон ташқи сиёсати концепциясида белгилаб қўйилган. Вақт ва тарих мустақил давлатлар фойдасига, мустақиллик ва суверенитетларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ҳаётни ва тарих ғилдирагини тўхтатиб ҳам, орқага қайтариб ҳам бўлмайди. Шу билан бирга яқин ва яхши қўшни бўлиб, маданий ва демократик дунёда удум бўлганидек, муштарак муаммоларни биргаликда ҳал қилиб яшаш чекимизга тушган.
Ўзбек халқи дастлаб Россия империяси, сўнгра эса Совет империяси таркибида мажбуран ушлаб турилган мураккаб даврни бошидан кечирган давлат фуқаролари сифатида мустақилликнинг қадрини яхши англайди. Тўғри, йирик империялар бошқа мамлакатларни босиб олгани ҳолда, умумжаҳон тараққиётидан орқада қолаётган халқлар орасида муайян даражада маърифатчилик вазифасини ҳам адо этиб келганига тарихда мисоллар кўп. Мустамлакачиликка бундай баҳо берувчилар империяларнинг босиб олинган мамлакатлар инфраструктурасини, айрим ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришга, миллий кадрларни тайёрлашга, маҳаллий аҳолини жаҳон маданиятидан баҳраманд қилишга қўшган ҳиссаларини таъкидлаб кўрсатадилар. Бироқ, буюк империялар томонидан кам сонли халқларнинг нафақат босиб олиниши, ҳатто улар ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларининг ҳам салбий жиҳатлари талайгина.
Биринчидан, халқаро, давлатлараро ва элатлараро қарама-қаршилик келиб чиқиши мумкин. Иккинчидан, мустақил давлатларни халқаро-ҳуқуқий ва ички давлат суверенитетини рўёбга чиқаришига тўсқинлик қилиш таҳдиди вужудга келади. Учинчидан, алоҳида олганда, Ўзбекистон ва бошқа қатор давлатларнинг ташқи иқтисодий алоқалари чегараланиши, улар тенг ҳуқуқли бўлмаган шароитга солиб қўйилиши эҳтимоли мавжуд. Тўртинчидан, бир давлатнинг бошқа давлатлар устидан ҳукмронлик қилишга интилиши миллатлар ўртасида ўзаро ишончсизликни келтириб чиқариши, миллатлараро муносабатларнинг кескинлашишига олиб келиши мумкин. Бешинчидан, янги мустамлакачилик ва янги империячилик ёндашувларини зўрлаб қабул қилдириш, ҳамма соҳалардаги ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликни секинлаштириш хавфини кучайтиради.
Очиғини айтганда, бизнинг давримизда ҳуқуқий тенглик тамойилларига сўзсиз амал қилиш давлатлараро муносабатларнинг асосий шартидир. Етакчи давлатларнинг МДҲ давлатлари билан ўзаро фойдали ва тенг ҳуқуқли муносабатлар ўрнатишларига айнан ана шундай ёндашув мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади ва келажакда ҳам шундай бўлиб қолади.
Собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бизнинг манфаатларимизга мос эканлиги шубҳасиз. Чунки бизни бу давлатлар билан тарихан шаклланган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ришталари боғлаб туради. Фақат империяча фикр юритишдан воз кечиш ва Ўзбекистон билан тенг ҳуқуқли ҳамкорликка тайёрликни изҳор этиш талаб этилади. Айни шундай муносабатлар барчамиз учун ғоят самарали имкониятлар очиб беради.
Минтақавий барқарорлик, минтақа кўламида интеграция жараёнларини ривожлантириш масалаларини ҳал қилишда илгари Совет Иттифоқи таркибига кирган мамлакатлар ўртасида вужудга келаётган муносабатлар алоҳида ўрин тутади. Шуни таъкидлаш керакки, собиқ совет республикаларининг биронтаси ҳам интеграцияга қарши чиқаётгани йўқ. Айни чоғда уларнинг биронтаси ҳам ўз мустақиллигидан воз кечмоқчи эмас. Биз учун масаланинг моҳияти мустақиллик ёки интеграцияни танлаш эмас, балки бу икки йўналишни уйғунлаштиришдан иборатдир. Биз МДҲни ҳақиқий мустақил, суверен давлатлар ҳамжамияти сифатида кўрамиз .
Дунё харитасидан ҳозирги кунда бошқалардан, биринчи навбатда, ўзини ўраб турган мамлакатлардан мутлақо ажралиб қолган давлатни топиб бўлмаса керак. Аммо, бизнингча, барча қўшни давлатлар билан тенг ҳуқуқли, дўстона ҳамкорлик йўли энг тўғри йўл. Бунда бошқалар номидан гапириш руҳидаги сиёсат юргизиш фақат тескари натижа бериши мумкин, холос. Бир вақтлар қон-қардош, оға-инидай бўлган халқлар орасидаги дўстлик кўприги қулаб, унинг ўрнида жарлик пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун бугун сиёсий масалалардан кўра, иқтисодий, савдо-сотиқ, сармоявий соҳалардаги интеграция ва алоқалар ҳақида гапириш тўғрироқ бўларди.
Абдували СОЙИБНАЗАРОВ, шарҳловчи