Энергетика вазири Алишер Султоновга очиқ хат

Саломатмисиз, жаноб вазир?

Биламан, ушбу мактубим сизнинг қимматли вақтингизни ўғирлайди. Мабодо, етиб бориб қолса. Нима бўлганда ҳам буни ёзишга ахд қилдим, ёзмасам кўнглим ёришмайди, ҳозирча у ерда ҳам “свет” йўқ.

Жаноб вазир, “Ён, ён, чироғим, ёғли кулча бераман” деган қўшиқни эшитганмисиз? Узр, берган саволимни қаранг, қаердан ҳам эшитардингиз. Ахир бу қўшиқни куйлаш учун сизда “эҳтиёж” йўқ-ку. Бу мисралар бизнинг олис қишлоқларимизда урф. Болалигимдан ёд биламан, онам “свет” ўчганда хархаша қилаверсак, “Шу қўшиқни кўп айтсаларинг чироқ келади” деб тинчлантирардилар бизни. Ҳозирги кичкинтойларга ҳам бегона эмас бу сўзлар, ишонинг.

Ҳеч фарзандларингиз севимли мултфилмларини кўриш учун шифтда осилиб турган лампага қараб илтижо қилганини кўрганмисиз? “Йўқ” дейишингизни билардим. Мана биз кутганмиз ўша ордонақурғур чироқни. Соатлаб кутганмиз, кунлаб кутганмиз! Бу тарих, дейсизми?. Афсус, бу биздан кейинг болаликка ҳам “мерос” бўлиб ўтган.Мактабда ўқиган кезларим топшириқни бажармаганлар учун энг ишончли “сабаб” эди чироқ йўқлиги. Йўқ-йўқ уларнинг ҳаммаси ҳам баҳона эмас, чиндан ҳам кўпинча шундай эди, ишонинг!

Осмонга қора булут тўпланди дегунча телефонларни қувватлаб қўярдик, негаки ҳали ер ҳўл бўлиб улгурмасидан электр узилади. Сел ёғиб берса-ку, қўяверасиз, ками билан бир кун “свет”дан умидимизни узиб қўямиз. У ёғи Худодан!

Уни қўя туринг, тирикчилиги электрга боғлиқ бўлган онанинг “қарғиш”ларини эшитганмисиз ҳеч? “Нега қаргаъайди?”, деб айблашга шошилманг! Нима қилсин бечора, тикувчилик билан бола боқади.

Оилангиз кун бўйи ишлаб, кечга бир дастурхон атрофига йиғилса-ю, чироқ ўчиб турса, сиз ҳам бир сўкиб қўйсангиз керак ичингизда. Нимани айтаётганимни тасаввур қилдингиз-а? Ўгрилган пиёла устида оқиб бораётган шам, ёки бош кийимига “фонарик” қистириб олиб овқатланаётган ота…

Кулгли туйиляпти-а? Аслида эса ачинарли ҳақиқат!

Айтганча, ўтган йили “Ҳисоб-китобларимизга кўра айни вақтга қадар қилинган ишлар натижасида қишда ҳам, ёзда ҳам аҳолини электр билан тўлиқ таъминлаб берамиз”, деб ваъда бергандингиз, эсингиздами? Биз-ку ишонмагандик. Кутганимиздек бўлди. Майли, ваъдани рўкач қилиб сиздан ўпкалолмайсиз, ахир, сиз қайси йилнинг қиши ва ёзини назарда туганингизни айтмагандингиз-ку, тўгрими? Бу йил ҳам кутаверамиз, барибир, бошқа имконимиз йўқ. Ким билсин, балки, шу йилни назарда тутгандирсиз!?

Майли, уни ҳам қўя туринг, берган интервюларингизнинг бирида “Газимиз учта Ўзбекистонга етади”, деганингизни эшитдим-у, Ўзбекистонда яшаётганимга шубҳаланиб қолдим. “Нега” дейсизми? Чунки сўнгги бор беш ёшлигимда уйимизда оқма газ ёнганини эслайман. Шундан бери қувурларда газ тугул унинг ҳиди ҳам йўқ. Қишлоқда қишни ўтин ва кўмир билан кутамиз. Ҳа, айтганча, ҳеч йўқса “таппи” нималигини биларсиз-а? Ахир, сиз айтган ўша Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида бу сўз “мода”-ку!

Хуллас, жаноб вазир, сизга бир таклифим бор. Бир оз муддатга юмшоқ курсингиз билан хайрлашинг-да, кабинетингиздан чиқинг! Халқнинг ишончини у ерда қозониб бўлмайди, балки, ўша тўрт девор сизга асл муаммоларни кўришда ҳалал бераётгандир. Қишлоқларимизга келинг, уйимизда бажонидил меҳмон қиламиз. Зора, ташрифингиз сабаб узоқ йиллик муаммоларимиз барҳам топар. Албатта, келинг, кутамиз!

Мақсад Обиджон