АҚШ аскар юбормайди, Германия эса қурол: Украина ишониб иш бошлаганлар ишончни оқламади

Хабарингиз бор, бир қанча вақтдан буён Украина ва Россия ўртасидаги муносабатлар энг қайноқ нуқтада турибди.

Сиёсий майдонда бир неча фигуралар ўртага ташланган бўлиб, айни ўша фигуралар ўзаро “сигналлар” орқали қалтис ўйин олиб боришмоқда.

Масалан, Белорус раҳбари Лукашенко барча постсовет давлатларни Россия атрофида бирлашишга чақирди.

Украина масаласига қайтсак

Аввал Россия билан ўта яқин муносабатда бўлган Белорусга Украина норасмий “вето” эълон қилди. Ўз фуқароларини Белорус Республикасидан чақириб, Днепрда белорус халқи мухолифат кучлари байроғини осиб қўйди.

Белорус ҳукумати эса, буни очиқдан очиқ вандаллик деб баҳолади ва халқаро терговга ариза берди.

Аммо, Украина атрофида “ҳарбий машғулотлар учун” йиғилган 170 000 дан ортиқ қўшин бошқа давлатларни чўчитиб қўйди. Улар ўз фуқароларини Украинадан бирин-кетин чақириб ола бошладилар.

Бу ўринда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ҳам ушбу давлатда бўлиб турган фуқароларга мурожаат билан чиқди.

Бир қатор давлатлар эса, Украинага рейсларни бекор қилди.

Украин депутатлари ҳамда олигархлари ўзлари билан катта сўммаларни олиб, мамлакатни тарк этишни бошлади. Айни шу қийин дамда улар кўпроқ керак эди, албатта.

Россия ва Украина муносабатлари ҳақида уруш хабарлари келиб турган бир вақтда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров икки давлат низога бормаслигига ишониши ҳақида ажабтовур баёнот берди.

Аммо, Қодировнинг ишончи кўп ҳам муҳим эмас, шекилли. Бирлашган қироллик нашри бўлган The Sun 16 феврал тонгида Россия ҳужум бошлайди, деб хабар берди. У ушбу хабарни АҚШ разведкасига таяниб берганини даъво қилган.

Куни кеча эса, айирмачи норасмий Донетск Халқ Республикаси ва Луганск Халқ Республикаси аҳолисини эса Россияга эвакуация қилиш бошланди.

Россия 900 000 қочоқни қабул қилишга тайёр эканлигини билдирмоқда. Эвакуация ортидан Ростов вилоятида фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Ушбу фуқароларни эвакуация қилиш учун сарфланган харажатларни қоплаш учун Москва киши бошига 10 000 рубл миқдорида товон пули сўрамоқда. Ушбу сўммаларни қабул қилиш бошланган.

Украинани кимлар қўллайди?!

Украина ушбу ҳарбий ҳаракатларда АҚШ етказиб берадиган аскарлар ва қурол-яроғга катта ишонч билдирган эди, десак муболаға бўлмайди.

Аммо, АҚШ 8 партияда етказиб берган қуролларидан сўнг, ўз аскарларини Украина ҳудудига юбормаслигини маълум қилди. Шу билан бирга, у Эстонияга ҳарбий кучлар киритмоқчи.

Эстония эса, Украина билан ҳамфикр эканлигини маълум қилиб, унга ҳарбий танклар юборишини билдирган. Икки ўн беш – бир ўттиз. АҚШ ҳали ҳам “қўллаб-қувватлайди”.

Полша ҳам Украинанинг ҳаракатларига ижобий муносабатда эканлигини билдирган.

Германия бундесканцлери Олаф Шолц Киев сўраган 12 000 танкка қарши ракетани бера олмаслигини яна бир бор маълум қилган.

Аммо, Нидерландия қироллиги Украинага ҳарбий қурол-яроғ, мина аниқлайдиган роботлар ва радарлар етказиб бермоқчи.

НАТО нима дейди?

Шимолий ҳарбий алянс бош котиби Йенс Столтенберг Украинани НАТО таркибига қўшмоқчи эмас.

Шу билан бир қаторда, у Украина тарафдан муаммо кўрмаётганлигини, аммо Россия бир ерга йиғган катта миқдордаги ҳарбий куч хавотирли эканлигини айтган.

— НАТО мудофаа иттифоқидир, у Россияга ҳам, бошқасига ҳам таҳдид солмайди. Аммо биз барча аъзоларни ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўрамиз. Агар Кремл Россия чегаралари яқинида камроқ НАТО бўлишини истаса, у фақат кўпроқ НАТО олади. Агар Кремл НАТОни бўлмоқчи бўлса, алянс кучлироқ бирлашади”, – деди Столтенберг.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Украина билан Россия ўртасидаги катта можаро, эҳтимол, Европа учун ҳам катта муаммога айланади.

Шуни унутмаслик керакки, ушбу низо ортидан уруш келиб чиқса, барча собиқ Иттифоқ давлатлари, жумладан Ўзбекистон учун ҳам катта танлов қилиш мажбуриятини юклайди.

© Камолиддин Аззамов