Россия Федерацияси президенти Владимир Владимирович Путин ҳозиргина телевидение орқали, ўз таъбирича, барча руслар ҳамда ўз ҳамюртларига мурожаатини якунлади. Хўш, у халқаро ҳуқуқ нормаларини қўпол равишда бузиб, Донецк Халқ Республикаси (ДХР) ва Луганск Халқ Республикаси (ЛХР) мустақиллигини тан олган ушбу мурожаатида нималар деди?
Аввало, Россия раҳбари Украинанинг «тарихий илдизлари»га «бир қур кўз югуртиришни» лозим топди. Унинг даъво қилишича, «Украинани Владимир Ленин яратган ва улар ундан олдин мавжуд эмас эди.»
У болшевиклар Донбассни, Хрушчёв Қримни «шунчаки бериб юборган» деб ҳисоблашини айтиб ўтди. Бундан ташқари, Украинанинг ўз давлатчилиги бўлмаган, у Россиядан ёки бошқа Европа давлатларидан «нусха олиб яшаган».
У Украинада коррупсия чуқур илдиз отганини айтиб ўтаркан, 2014 йил воқеалари аслида Ғарб аралашуви остида бўлганини айтди.
— Украинада ҳокимиятни эгаллаб олган радикаллар террор уюштиришди, қатор жазосиз қотилликлар содир бўлди, Одессада одамлар шафқатсизларча ўлдирилди, аммо жиноятчилар жазоланмади – биз уларни номма-ном биламиз ва жазолаш учун ҳамма нарсани қиламиз, – деган Владимир Владимирович.
АҚШ масаласига тўхталаркан, у «учинчи дунё» давлати ва унинг Киевдаги элчихонасини коррупцияга қарши курашмоқчи эканлигини айтишини, аммо бу иккиюзламачилик эканини таъкидлади.
«Бунга гуллаб-яшнаётган коррупцион тизимни мисол қилиб олаверинг,» – деди у.
Зеленскийнинг ядро қуроли ҳақидаги гаплари ҳам қуруқ даъво эмас, балки унда собиқ Иттифоқ давридан қолган қурилмалар бор. Бу эса, воқеаларни тубдан ўзгартиради, бунга жим қараб туриб бўлмайди, – деб изоҳлади Зеленскийнинг ядро қуроли ҳақидаги баёнотини.
Украина қонунларига кўра, давлат ҳудудига хорижий кучлар киритилмайди. Аммо, Путин Зеленскийни «четлаб ўтади» дея ишонмоқда. Унинг фикрича, хорижликлар иштирокида ўтказилаётган машғулотлар минтақада қўшинларнинг тез тўпланиши ва бўлинмаларнинг қисқа вақт ичида тузилиши учун ниқоб бўлиб хизмат қилади.
Путин Украинанинг НАТОга қабул қилиниши масаласида:
— Украина ҳудудида АҚШ ва НАТО театр уйиштирмоқда. Қўшни давлатнинг НАТОга аъзо бўлиши Россия хавфсизлигига бевосита таҳдиддир, – деб баёнот берди.
У яна 2000 йилларнинг бошида НАТОга аъзо бўлиш ҳақида Бош Котибиятга сўров бергани, аммо сўрови жавобсиз қолдирилганини ҳам тан олди.
Унинг фикрича, Украинанинг НАТОга қабул қилиниши ва қурол-яроғ билан таъминланиши аллақачон ҳал қилинган масаладир.
Шундан сўнг, у Россия ўз хавфсизлиги учун жавоб чораларини кўришга ҳақли эканини ва Россия айни шу йўлдан боришини маълум қилди.
Путин ДХР ва ЛХРнинг мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолаб, Федерал Мажлисдан ҳужжатни тезроқ ратификация қилинишини сўрар экан:
— Биз аллақачон ушбу ишни қилишимиз керак эди, – деди.
Дунёнинг қолган қисмичи?
В. В. Путиннинг ушбу қарори, албатта, геосиёсий майдонда катта бир ўйиннинг эндшпилга етиб келганини англатади.
Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон ушбу ҳолатни халқаро ҳуқуқнинг қўпол тарзда бузилиши, дея эътироф этди. Guardian нашрининг хабар беришича, эртадан Бирлашган Қироллик Россияга қарши санкциялар эълон қилади.
Япония ўз телеканалларида ДХР ва ЛХРни сепаратистик тузилмалар деб атаб, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга чақирди.
НАТО Бош Котиби Йенс Столтенберг эса, бу ишни бутунлай қоралаб чиқди.
Еврокомиссия ва Евроиттифоқ эса, вазиятни Украинанинг яхлитлигига дахл қилиш ва уни қўпол тарзда бузиш деб баҳолади.
Литва Сейм (парламент – таҳр.)и раиси Сеймда Донбасс мақомининг ўзгариши ҳеч қачон тан олинмаслиги тўғрисида резолюция ташаббуси билан чиқишини маълум қилди.
Полша бош вазири зудлик билан Европа Иттифоқи саммитини чақиришга ва Россияга нисбатан, ЛХР ва ДХРни тан олгани учун, санкциялар жорий этишга чақирди.
Байден яқинда АҚШ фуқароларига ДХР ва ЛХРга сармоя киритиш, улар билан савдо қилиш ва молиялаштиришни тақиқловчи буйруқ чиқаради, деди Оқ уй.
Германия ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг ДХР ва ЛХРни тан олишини халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши ва барча дипломатик саъй-ҳаракатларга зарба, деб атади. Вазирлик фикрича, Россия зудлик билан бу қарорни бекор қилиши керак.
Грузия президенти ДХР ва ЛХРнинг Россия томонидан тан олинишини 2008 йилдаги сценарийнинг такрорланиши деб атади.
Молдова президенти Россиянинг ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олишини кескин қоралашини билдирди.
Россия ёлғизми?
Йўқ, албатта. Унинг қарорини қўллаб-қувватловчилар шу ондаёқ топилди. Ким дейсизми?
Энг биринчи ўринда Башар Ассад. Ҳа, худди ўша, Сурия президенти. Унинг маълум қилишича, Дамашқ эртагаёқ тегишли тарзда ДХР ва ЛХРни мустақиллигини тан олади.
Ва албатта Рамзан Қодиров.
Қодиров ДХР ва ЛХРни тан олиш қарорини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди: бу сиёсий боши берк кўчадан чиқишнинг ягона йўли.
Яман ҳусийлари ҳам ДХР ва ЛХР мустақиллигининг тан олинишини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Сербия ҳам, гарчи сиёсий босимлар остида қолган бўлса-да, Россиянинг ёнида бўлади. Бу ҳақда давлат президенти Вучич маълум қилган.
Зеленский… У нима қилмоқда?
Путиннинг мурожаати чоғида қарши томон раҳбари ҳам «жим турмади». У ўз маслакдоши АҚШ билан кейинги қадамни «фикрлашиб олди». Оқ уйнинг баёнот беришича, Байден ва Зеленский ўртасидаги суҳбат 35 дақиқа давом этган.
Шундан сўнг, Украина президенти Зеленский ҳам видеомурожаат билан чиқишни режалаштирган.
Россиянинг ушбу ҳатти-ҳаракати халқаро ҳуқуқ нормаларини қасддан бузишдир. У бундай ишни илк марта қилмаётгани эса, тийиб қўйиш вақти етганини билдиради. Мазкур ҳаракатлари билан у Минск конвенсиясини ҳам бузмоқда.
Россия бугунданоқ ўзи ташкил қилган ҳудудий бирликларга қўшин киритса ҳам, ажабланмаслик керак.
Ogoh.uz ахборот-таҳлилий портали учун Камолиддин Абдуазиз ўғли тайёрлади.