Ёдингизда бўлса, аввалроқ «$205 млн. солиқ тўламаган UzAuto Motors нархлар пастлигидан нолиди» сарлавҳали мақола эълон қилган эдик. Ва унда яқин кунларда автомобиллар нархи оширилиши ҳақида ҳам фикр билдиргандик.
Бугун ЎзА ахборот агентлигида «UzAuto Motors компанияси нархларни оширса, ҳайрон қолмаслик керак» мазмунидаги материал эълон қилинди.
Материалда келтирилишича, бутун дунё бўйлаб яримўтказгичлар етишмовчилиги кузатилаётгани сабаб энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам нархларни оширмоқда. Бу эса, бугунги бозорга таъсир қилмай қолмайди. Албатта, жаҳонда нарх-навонинг ўсаётганлиги бор гап. Аммо, 35 млн. аҳолига автомобил ишлаб чиқариш соҳасида яккаҳокимликни ўз қўлига олган компания ҳақида бу қадар «раҳм-шафқат нигоҳлари ила» қараш ўринсиз бўлса керак. Ахир, ҳар доим муқобил танлов учун имкон бўлиши демократик давлатларда одатий ҳол сифатида қабул қилинади.
Бундан ташқари, Украина-Россия можароси оқибатида рубльнинг қадрсизланиши сўмнинг ҳам тушишига, бу эса, ўз-ўзидан нархларни кўтарилишига сабаб бўлади, дейилган.
Матералнинг энг муҳим қисмидан иқтибос келтирамиз:
«Бундай вазиятда, – дейилган материлда, – “UzAuto Motors” ўз маҳсулоти таннархини ушлаб туришда давом этишига ишониш соддаликдир. 2020 йил март ойидан буён нархларни кўтара олмагани кўплаб мутахассисларни ҳайратда қолдиради, аммо ҳозирги шароитда бу жараён ўз-ўзидан тугади.
Агар бир неча кун олдин “UzAuto Motors” тез орада нархларни 40 фоизгача ошириши кутилган бўлса, сўнгги воқеаларни ҳисобга олсак, бу ўсиш анча юқори бўлиши мумкин эди ва бунга ҳайрон қолмаслик керак.»
Кўриб турганингиздек, давлатнинг расмий ахборот агентлиги аллақачон нархлар оширилишига шаъма қилмоқда. Балки, сиз хабарни ўқиб турган вақтда оширилиб бўлгандир ҳам.