Диққат! Муаллиф фикри мутлоқ субектив бўлиб, Ogoh.uz таҳририяти фикридан фарқ қилиш мумкин.
Украина халқи Володимир Зеленскийни президентликка сайлаганидан бери кўпчилик, айниқса Украина сиёсатига қарши бўлган инсонлар уни «клоун» (масхарабоз), «қизиқчи», «артист» деб устидан кулишга ҳаракат қилиб келадилар. Ҳатто ҳозиргача ҳам уни «сиёсат бобида тажрибасиз» деб айталиганлар бор. Аммо кўпчилик ўйлаганидай, Зеленский фақат кулдиришни биладиган масхарабозми?
Авваламбор, сиёсатчилик бу касб эмас. Унга ўқитилмайди, президент бўлиш учун «президентлик дипломи» талаб этилмайди. Масалан, Ўзбекистон тарихида ўчмас из қолдирган раҳбарлардан бири Шароф Рашидов филолог бўлган. Франция президенти Эммануэль Макрон файласуф, Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркел физик олима, Путин ва Байденлар юристлардир. Уларнинг ҳеч бири президентлик тажрибаси бор бўлганлиги учун эмас, демократик сайловлар имкон берганлиги учун миллионлаган юртдошлари орасидан сараланиб чиқиб олий мансабни эгаллаганлар.
Зеленскийга қайтсак, у украиналик еврейлар оиласида таваллуд топган. Комедия жанрида актёр, режиссёр, продюсер бўлишдан ташқари Украина иқтисодиёт университетини тугатган дипломли иқтисодчи ҳисобланади. У талабалик даврларида «КВН»ларда иштирок этиб, кейинчалик ўзига ёққан ишни касбига айлантирган. Масалан, талабалик пайтларимда мен ҳам «ҚВЗ»ларда иштирок этганман, «Балли йигитлар» конкурсида иштирок этиб, ғолиб бўлганман. Шунинг учун раҳбарлик қилиш ёки президент бўлиш учун менда легитимлик бўлмаслиги керакми?
Украина ва рус тилини биладиган давлатларда манзур бўлган комик асарлари ва ролларидан ташқари Зеленский фаолиятини юритиш учун корхона ташкил қилиб, ушбу корхонани бошқарган. Яъни унда сиёсатнинг илк пойдевори-бошқарув қобилияти бор бўлган.
Ҳеч ким президент бўлиб туғилмайди ва илк бор президент бўлиб сайланганида ўрганиб кетгунича қийналади, хатолар қилади. Зеленскийда ҳам шакл борасида айрим камчиликлар бор бўлган бўлиши мумкин, аммо унинг президентлик муддатини ёмон деб айтиб бўлмайди. Россия билан уруш ҳолатида бўлган ва икки марта инқилоб қилиб президентларини ағдариб ташлаган Украинадай давлатни бошқараётгани ҳисобга олинса, Зеленскийни бемалол табриклаш мумкин.
Ва ниҳоят Зеленскийнинг олий бош қўмондон сифатида айни дамдаги урушни бошқарувига қараб, дунёнинг анча тажрибали давлат раҳбарлари ундан ўрнак олишлари керак дейиш мумкин.
Ҳаёлингизга келган истаган бир давлатни, хусусан коррупция, таниш-билишчилик, кланлар монополиялар еб битираётган, каттароқ давлатларга оғиз очиб йўқ дейишга қўрқадиган давлатларнинг раҳбарларини олиб Зеленскийга солиштириб кўринг ва хулоса чиқаринг.
Юртини дунёдаги иккинчи ҳарбий қудратли давлат босиб олишга ҳаракат қилаётган, бутун дунё томошабин бўлиб турган пайтда қочиб кетмасдан ўз халқини руҳлантириб, шу билан бир вақтда жаҳон ҳамжамияти билан дипломатик алоқаларни олиб бориб, бунинг устига дунё халқларини шахсан ўзи ижтимоий тармоқлар орқали хабардор қилиб бориш учун масхарабозми, бошқами катта билим, ирода, ақл ва руҳий чидамлилик талаб этилади.
Ушбулардан келиб чиқиб, Зеленский ҳақида гапирганда масхарабоз деганда ўйлаб гапирилса ёмон бўлмайди. Зеро сиёсатчилар сиёсатни эплай олмай масхарабозлик қилиб юрганларида масхарабоз Зеленский сиёсатни қойиллатмоқда.
© Дониёр Рўзметов