Мирзиёев Украинадаги вазият ортидан келаётган салбий ижтимоий-иқтисодий хавфга тайёр туриш бўйича топшириқ берди

Сўнгги кунларда Украинадаги вазият туфайли турли мамлакатлар иқтисодиёти, банк-молия соҳаларида бир қатор муаммолар юзага келиши кутилмоқда. Жумладан, Европа, АҚШ ва бошқа бир қатор ривожланган давлатлари томонидан Россияга қўллаётган санкциялари биринчи галда молиявий-иқтисодий тангликларни вужудга келтириши, бу эса дунёнинг исталган мамлакати ижтимоий-иқтисодий ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши турган гап.

Мана шундай вазиятда Ўзбекистон қандай йўл тутади? Мамлакат иқтисодиётига, ташқи савдо айланмалига бўладиган салбий таъсирларнинг олдини олиш учун нима чоралар кўрилади?

Ўзбекистон Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича Президент Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган айрим мамлакатларда юзага келаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, вужудга келиши мумкин бўлган барча салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича республикамизнинг ҳар бир тармоғи ва ҳудуди кесимида аниқ чора-тадбирларнинг батафсил Режасини ишлаб чиқишга топшириқ берибди.

Молия тизимининг барқарорлиги, корхоналарнинг узлуксиз ишлаши ва режалаштирилган инвестиция лойиҳалари ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари олдига транспорт-логистика тармоғининг ишончли фаолиятини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш, бунда экспорт географияси янада диверсификация қилинишини ҳам ҳисобга олиш вазифаси қўйилди.

Вилоятлар ҳокимларига аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ишларини кучайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва ишсиз аҳоли бандлигини таъминлашни жадаллаштириш, шунингдек, инфляция даражасини доимий мониторинг қилиш ва истеъмол бозорида нархларнинг кескин тебранишларига йўл қўймаслик бўйича аввалдан чора кўриш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.