3 март куни «UzAuto Motors» автомобиллари учун шартнома тузиш бошланганди. Шунингдек, компания харидорларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида олдиндан тўлов миқдорини 85% дан 50 % га туширди. Компания расмий хабари эълон қилинганидан сўнг, бир неча соат ичида 13 203 та автомобилга шартнома тузилди.
Контрактациянинг очилиши ҳамда янги автомобилларга сотувнинг бошланишига бўлган юқори талаб ва қизиқиш сабабли дилерлик корхоналар охирги мижозга қадар ишлашга қарор қилишган.
Chevrolet Lacetti автомобили учун 6.300 та ва Chevrolet Cobalt модели учун 4 700 та шартнома тузилган. Ушбу автомобиль моделлари харидорлар орасида энг оммабоп моделлар бўлди.
«Chevrolet Traverse» ва «Tahoe» автомобилларини харид қилиш учун аризалар қабул қилиш бошланганидан сўнг, дастлабки 20 дақиқада компанияга 200 дан ортиқ буюртмалар келиб тушган. Ушбу автомобилларга ариза қабул қилишнинг илк куни натижаларига кўра 320 дан ортиқ буюртмалар олинган.
Шунингдек, машиналар тан нархи ошганига қарамай бир киши томонидан 37 та автомобилга тўлов қилиш ҳолати ҳам кузатилган.
Gentra 1-позиция — 128 млн 284 минг сўм.
Gentra 3-позиция — 153 млн 506 минг сўм.
Nexia 3 AT/plus — 119 млн 921 минг сўм.
Cobalt AT/plus — 125 млн 765 минг сўм этиб белгиланганига қарамасдан аҳоли орасида автомобил учун тўлов қилиш ҳолатлари пастлаган эмас.
Аслида «UzAuto Motors»да ҳеч қандай айб йўқ, улар автомобил тан нархини яна икки бараварга ошириши керак. Тўловни тўлиқ амалга ошириб, бир йилдан кейин магнитоласиз, ўриндиқларсиз автомашина тақдим ўтилиши керак. Сабаби, биз шунга лойиқмиз.
Ижтимоий тармоқлардагина биз монопол компания дея номига ош отамиз-у ўзимиз уни қуллаб-қувватлаймиз. Автомашиналар нархи кўтарилиши баробарида иккиламчи бозордаги нарх ҳам сезиларли равишда кўтарилди. Халқнинг кўзи очилиши ҳақидаги орзу-умидлардан воз кечиш керак. Миллат дабдабага, топганини ҳавойи нафсга сарфлашга ўрганиб қолган.
Бир-бирини талашга, бировнинг ғамини тўй қилиб нишонлашга ўрганиб қолган. Эсингизда бўлса, жорий йил 25-январь куни юз берган блекаут оммавий маданиятимиз, танпарвар”ларимиз ҳақида яхши бир хулоса кўрсатган эди…
Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига республикамизда жисмоний шахсларга тегишли жами енгил автомобиллар сони 3 051 734 тани ташкил этмоқда.
Жисмоний шахсларга тегишли енгил автомобиллар сони ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 284 608 тага ошган.
Ўзбекистон Республикасида ҳар 1000 нафар доимий аҳолига ўртача 87 та енгил автомобил тўғри келмоқда.
Аҳолимиз камбағал эмас, аҳолимиз ақлдан салгина қисилиб қолган холос…
Тошойна