Ғарб давлатлари Россия билан деярли барча соҳаларда — ташқи сиёсатдан тортиб маданиятгача бўлган ҳамкорликни тўхтатишда давом этмоқда. Қайси компаниялар ва давлатлар Россияга қарши янги санкцияларни жорий қилганини келтириб ўтамиз.
Шу давргача Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Япония, Австралия, Швейцария, Исландия Россияга қарши санкциялар киритишга рози бўлган.
Янги Зеландия эса юздан ортиқ россиялик сиёсатчилар, тадбиркорлар ва уларнинг яқинларининг мамлакатга киришини тақиқлади. Санкция рўйхатига Россия Президенти Владимир Путин, Бош вазир Михаил Мишустин, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Мудофаа вазири Сергей Шойгу, ФСБ раҳбари Александр Бортников, Сбербанк раҳбари Герман Греф ва RT бош муҳаррири Маргарита Симонян киритилган.
Россия Президенти ва унинг атрофидаги шахсларга нисбатан шахсий санкциялар АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Канада ва Япония томонидан киритилган эди.
Киритилган иқтисодий санкциялардан энг жиддийи Марказий банкнинг хорижий активларини музлатиш бўлди.
Хорижий компаниялар ҳам ўзининг Россиядаги фаолиятини чеклашни давом эттирмоқда.
Fitch, IBM ва Adidas ишлашдан тўхтаган. Қурилиш ва хўжалик молларини сотувчи OBI халқаро савдо дўконлари тармоғи эса Россиядаги бизнесини ёпади.
Шунингдек,Жанубий Кореянинг Samsung компанияси Россияга смартфон ва чиплар етказиб беришни тўхтатишга қарор қилган. Дунёдаги геосиёсий вазият туфайли компаниянинг барча маҳсулотларини Россияга экспорт қилиш вақтинча тўхтатилган.
Американинг Microsoft компанияси Украинадаги уруш сабабли Россияда товар ва хизматлар савдосини тўхтатишга қарор қилган.
Таъкидланишича, Сoca-Cola а ва Danone Россия бозоридан чиқишларини эълон қилган. Cartier заргарлик уйи 3 мартдан бошлаб Россияда тижорат фаолияти тўхтатилганини маълум қилган. У 24 февраль куни Украинадаги фаолиятини тўхтатганди.
Бундан ташқари, Франциянинг Louis Vuitton (6 мартдан), Hermes (4 мартдан) ва Chanel мода уйлари Россиядаги бутикларини вақтинча ёпган.
Unilever ҳам Россияга товарларини етказиб беришни тўхтатади. Бироқ компания Россияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларини бозорда қолдиради
Маълумот учун, Unilever компанияси Dove, Knorr, Axe, Rexona, Domestos, Cif каби бренд маҳсулотларни ишлаб чиқаради,McDonald’s фаст-фуд тармоғи Россиядаги 850 та ресторанини вақтинча ёпади.
Янгиликлар сайтида «BBC», «CNN», «CBC», «ABC» ва «Bloomberg» Россиядаги фаолиятини тўхтатганини эълон қилган. Бунга Россия президенти Владимир Путиннинг 4 март, жума куни Қуролли кучлар ҳақидаги ёлғон маълумотни ишончли хабарлар ниқоби остида тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиловчи қонунни имзолагани сабаб бўлган.
Аввалроқ санкциялар бўйича Россия рекорд даражага етганини айтиб ўтган эдик.
Шахруза Сатторова тайёрлади