Шавкат Мирзиёев қатор ташкилот раҳбарларига ҳайфсан ва қатъий огоҳлантириш берди.
Ушбу дастур ижроси бўйича Фармацевтика агентлиги режани 51 фоизга, “Ўзбекистон темир йўллари” эса 10 фоизга бажармагани, ушбу икки тизимда саноат кооперацияси бўйича ишлар умуман бошланмагани, “Иссиқлик электр станциялари” эса режани атиги 26 фоизга бажаргани кўрсатиб ўтилди.
Шунинг учун Фармацевтика агентлиги директорига “ҳайфсан” эълон қилинди. Унинг иккала ўринбосарини ишдан олишга кўрсатма берилди.
Бош вазирга Фармацевтика агентлиги тизими ва фаолиятини тубдан ўзгартириш чораларини кўриш топширилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” раиси вазифасини бажарувчисига “ҳайфсан”, «Иссиқлик электр станциялари» раиси, «Ўзметкомбинат» раиси, «Ўзбекнефтгаз» раисининг биринчи ўринбосарига қатъий огоҳлантириш берилди.
Январь-февраль ойларида “Электрон кооперация” портали орқали 860 миллиард сўмлик 5 мингта шартнома тузилган бўлсада, уларнинг ижроси айрим ҳудудларда бажарилмагани, электрон савдоларда Қорақалпоғистон, Наманган, Сурхондарё ва Хоразмдаги корхоналар улуши 1 фоизни ҳам ташкил қилмаслиги танқид қилинди.