Ҳар йили серёғин кунларда Тошкент шаҳри кўчалари, турли объектлар сувга тўлиб қолиши янгилик эмас. Мана, неча йилдан бери бироз кўпроқ ёмғир ҳам пойтахт кўчаларини кўлга айлантириб қўймоқда. Фақат совет замонида қурилган масканлар эмас, ҳатто замонавий дея мақталган, тантанали топширилган йўллар, йўл ўтказгичлар, уй-жойлар ҳам бундан четда қолмаяпти.
Биргина пойтахтда эмас, туризм ривожланган, кўпдан кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган Самарқанд ҳамда Андижон шаҳарларида ҳам худди шу муаммони учратиш мумкин. Ўта кучли эмас, ўртача ёмғирли об-ҳавода ҳам шаҳар кўчаларида сув мисли саёз дарёдаги каби оқиб юради. Йўлдаги катта кўлнинг ўртасида машина ўчиб қолишини тасаввур қилаверинг энди. Ҳаракатланиш қийинлашгани йўл-транспорт ҳодисалари ҳам анча ортиши аниқланган.
Эски ваъда ёки бир фалокат бўлишини кутишяптими?
Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2019 йилда сурункали ёғингарчиликларга нима учун дош бера олмаётганининг беш сабабини санаб ўтган эди. Улардан бири — ирригация-дренаж тармоқларининг эскиргани. Уларни таъмирлашга қарийб 60 млн. доллар керак, дея таъкидлаган эди ҳокимлик.
Провард мақсад ўлароқ олди олинмаган муаммолар йиллар ўтиб катта бир фожиага сабаб бўлмаслигига ким кафолат беради? Эски бинолардан тортиб, янги қурилган уйларнинг ертўла қисми сув билан қопланишига қандай жим қараб туриш мумкин?! Ҳеч ким олдиндан бизда бир ой давомида тўхтамасдан ёғингарчилик кузатилмайди, деб айта олмайди, кафолат бера олмайди. Мана шу каби йирик муаммолар олдиндан ўйлаб кўрилиши керак эмасмиди?
Шаҳарсозликда дунё тажрибаси оддий: йўл қурилишидан тортиб, катта бинолар, кўприкларгача – ҳаммасини қуришдан один дренаж қисми обдон лойиҳалаштирилиб олинади. Махсус текширув гуруҳлари назоратидан ўтказилади. Бизда-чи? Бизда доимгидек энг аввал қилиниши керак бўлган иш, охирида эсга тушади. Барча қурилишларнинг дренаж қисми қурилишнинг фасад ва фасони учун керак гўё. Қурилган бу лотокдан сув қаёққа қараб юради, қаергача боради, қаерда йиғилади, мана бу кўмилган қувур сувни торта оладими – бу муаммолар ҳеч бир қурувчини ҳам, ўша қурилишларни қабул қилиб олаётган назоратчиларни ҳам умуман қизиқтирмайди. Эски усул: текширув гуруҳни ёғлиққина тамаддиги чақиришади, ёғлиқ қўллар секин имзо чекиб қўяди. Қорин ҳам тўяди, чўнтак ҳам қаппаяди…
Ажабтовур сабаблар
Келинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги келтирган сабабларини бир таҳлил қилиб кўрайлик:
1 сабаб — “Ирригация ва дренаж тармоқлари капитал таъмирга муҳтож. Тошкент Бош планлити ДУК томонидан ишлаб чиқилган лойиҳавий таклифга кўра, ирригация тизимини капитал таъмирлаш учун, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 500 млрд. сўмдан ортиқ маблағ талаб этилади. Ушбу сметада фақатгина хом-ашёнинг нархлари (2016 йил ҳолатига) назарда тутилган. Муаммони бартараф этиш учун 2019 йил январь ойидан бошлаб Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банкининг грантлари ҳамда имтиёзли кредитларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда”.
Хўш, энди ким айта олади, Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банкининг грантлари ҳамда имтиёзли кредитларни жалб қилиш бўйича музокаралар натижалари нима бўлди? Жамоатчиликни натижалар ҳақида хабардор қилиш ҳокимликнинг “ёддан кўтарилиб” кетдими ёки кредитлар олиниб, 2019 йилдан бери муаммолар ҳал этиб бўлиндими? Унда сўнгги 3-4 кундан бери Тошкентнинг сувга тўлган кўчалари “Венеция билан ҳамкорлик натижаси” эмасдир ҳар ҳолда…
2 сабаб – “Кўчаларга сув тошиб чиқишининг иккинчи сабаби сифатида ҳокимият аҳоли томонидан ташланган маиший чиқиндиларни келтириб ўтган. Ирригация тармоқлари (сув йўллари, лотоклар) маиший чиқиндиларга тўлиб кетган. Аксарияти полиэтилен пакетлар ва баклажкалар бўлиб, сув йўлининг тиқилиб қолишига олиб келган. Ҳозирда шаҳарда 10 га яқин канал ювувчи машина мавжуд”.
Биласиз, куз ойларида кўчаларда барглар тўкилиши юзага келади, мавсум ёмғирли келса албатта кўчаларни сув тошқинисиз кўриш мушкул. Уларни кейинчалик йиғиб олишади, аммо бундан кейин ҳам сув тошқинлари тўхтаб қолмайди.
Сабаби катта кўчаларнинг икки четидаги лоток-ариқлар кўча юзасида ёғингарчилик мавсумида тўпланадиган сув миқдорини ҳисобга олмаслик оқибатида ўрнатилгани оқибатидир. Айрим кўчаларда сув лоток томонга эмас, йўлнинг ўртаси томонга қараб оқишини кўриб, ўша вақтда йўл қурувчиларнинг “об тарози”си қандай ишлаган экан деб ўйланиб қолади киши. Маълум масофада тўпланган сувни ерга сўрилиб кетиши ёки яқин атрофдаги дарё ўзанига қўшиб юбориш учун махсус қудудлар аҳволинику айтмаса ҳам бўлади.
3 сабаб – “Яна бир сабаб – ноқонуний қурилишлар. Ҳокимият ирригация тармоқларига нотурар ва турар жойларнинг бино-иншоотлари қурилиши натижасида сув йўлларининг ёпиб юборилган”.
Энди бу сабабни ўқиб кулгидан ўзни тўхтатиш қийин. Ахир Тошкенти азимдек катта шаҳар ихтиёри кимнинг қўлида экани аниқку. Унинг рухсати бўлмаса, ҳатто қўлингизда кадаст ҳужжати билан ҳам қурилиш қилиб бўлмаслигини ёш бола ҳам билади. Ҳар қандай қурилишдан тортиб, бузилишгача шахсан ўзларининг назорати остида. Майли, ўша 2019 йилларда шу муаммо бор экан, нега унда қарийб кейинги уч йил ичида бу муаммоларни ҳал этишга вақт ажрата олмади ҳоким жаноблари? 2019 йилдан кейин қайта қурилган ва янги қурилган йўлларда ҳам сув тошқини юз бераётгани кундек равшан-ку. Енгил автомобиллардан тортиб, аҳолига хизмат кўрсатиш транспортларигача ноқулай шароитда ҳаракатланишга мажбур бўляпти. Ерости метросидаги сув оқиб тушиши ҳолатлари эса ачинарли ҳолатдан бир парча десак ҳам бўлади.
4 сабаб – “Бундан ташқари, айрим мансабдорларнинг сансалорлиги сабабли сув тошқини юзага келиши мумкин бўлган ҳудудларда зарур чораларни ўз вақтида кўрилмаслигига олиб келган”.
Буни сабаб қилиб кўрсатган ҳокимлик, ҳойнаҳой ўзларини назарда тутмаган. Ахир, ҳамма иш уларнинг қўлида-ку! Пулларни совуриб, вақтни ўтказган сари муаммо мана шундай бўй кўрсатаверади. Бундан бўлак нарса айтиш ноўрин.
5 сабаб – “Ҳокимиятнинг фикрича, қурилишга (бино-иншоот, йўл, кўприк) рухсат берувчи ташкилотлар томонидан лойиҳа ҳужжатларида ирригация тармоқларини назарда тутилишига қатъий талаблар қўйилмаган. Ушбу ташкилотлар билан Тошкентдаги ирригация тармоқларини сақлашга масъул ташкилотлар билан мажбурий келишиш амалиёти йўлга қўймаган”.
Бу ерда учинчи сабабга ёзган жавобимизга қўшимча қилишимиз мумкин. Пойтахтни Венецияга айланишига асосий сабаб аслида ҳокимиятнинг ўзи эмасми? Қурилишлар ўз қўли остида бўлган, барча рухсатномаларни ўзлари тайёрлаган ташкилот бошқаларни айблашга уриниши ғалати ҳолат.
Хуллас, бундай кўзбўямачиликлар, муаммо ортидан бир нималарни келтириб муносабат билдиришлар нима учун керак?
Мана шу оддий эътиборсизликлар йиғилиб катта муаммога айланган экан, аввало бунга йўл қўйганлар жавоб бермасдан, уни бартараф этиш учун 500 млрд. сўмга кўз тикиш қанчалик адолатдан бўлади?..